Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

101 ёшли отахон коронавирусдан соғайди

Шифокорларимизнинг саъй-ҳаракати билан 101 ёшли бемор отахон коронавирусдан буткул соғайиб, ўз уйига рухсат берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 20 апрель куни 1920 йилда туғилган оққўрғонлик уруш ва меҳнат фахрийси Ф.Н. оғир аҳволда Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига олиб келинган.

Беморда сўнгги 4 кун давомида касаллик белгилари – йўтал, тана, айниқса оёқ-қўлларнинг қақшаб оғриши, тана ҳароратининг фебрил даражагача ошиши, чарчоқ, ҳолсизлик, нафас олишнинг қийинлашуви, ҳансираш, юрак уришининг тезлашиши, иштаҳасизлик белгилари кузатилиб, кейинги икки кунда бу белгилар янада кучайиб борган.

Қабул бўлимида бемор МСКТ текширувидан ўтказилганда, ўпка тўқимасининг зарарланиши билан “икки томонлама вирус этиологияли интерстициал зотилжам” ташхиси қўйилиб, бемордан “COVID-19” инфекциясига экспресс-тест олинган. Тест натижаси унда коронавирус инфекцияси билан зарарланиш борлигини тасдиқлаган. Шундан сўнг беморга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилган ҳамда белгиланган халқаро стандартлар бўйича текширув ва даво муолажалари бошлаб юборилган.

— 1940 йил аскарлик бурчимни адо этиш учун ҳарбий хизматга чақирилиб, 1945 йил урушдан ғалаба билан қайтгандим, — дейди отахон. — Шукрки, Яратган мана шундай гўзал кунларга етказди. Илоҳим, бугунги фаровон ҳаётимизга, юртимиздаги тинчликка ҳеч қачон кўз тегмасин. Мени меҳр ва эътибор билан даволаб, оёққа турғизган шифокор ва ҳамширалардан мингдан-минг миннатдорман. Барака топишсин!