Ўзбекистонга пневмонияни даволаш учун хориждан мутахассислар жалб қилинмоқда
Шавкат Мирзиёев кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳозиргача амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритар экан, охирги кунларда коронавирусни даволаш учун қўшимча 46,5 мингта ўрин ажратилгани, яна 31 мингта ўрин ташкил этилиши, 397 та тез тиббий ёрдам машинаси харид қилингани, бир ой муддатда яна 409 та машина жойларга етказилишини таъкидлаб ўтди.
- Коронавирусга қўшимча равишда пневмония ҳолатлари ҳам кенг тарқалмоқда. Биз пневмонияни даволашда нафақат ўзимизнинг шифокорлар, балки видеоалоқа орқали хориждаги етакчи мутахассисларни консультация беришга жалб қиляпмиз, - деди Шавкат Мирзиёев. - Ҳозирги вақтда германиялик тиббиёт профессори юртимизга келиб, даволаш жараёнларида бевосита иштирок этмоқда. Бугун Туркиядан бир гуруҳ профессорлар етиб келади. Бошқа давлатлардан ҳам энг тажрибали мутахассисларни жалб қилиш бўйича иш олиб боряпмиз.
Президентимизнинг қайд этишича, бугунги кунда энг муҳим вазифа аҳоли ўртасида вирус занжирини узиш ҳисобланади. Бунинг учун карантин талабларига сўзсиз амал қилиш, уларнинг иммунитетини мустаҳкамлаш, соғлигини асраб-авайлаш, ҳар бир инсон ҳаёти учун курашиши зарур.