Одамлар – имкониятнинг катта манбаи

Бу – 2001 йилнинг декабрида Каттақўрғон тумани ҳокимлиги мажлислар залида ўша вақтда вилоят ҳокими бўлган Шавкат Мирзиёев томонидан айтилган гап.

Ўшанда мунтазам қабулларнинг бирида мактаб директори спорт майдончалари атрофи ўралмагани, одамлар бу ерда баъзан мол боқаётганлиги, мактабда эса маблағ йўқлиги юзасидан шикоят қилди. Шунда ҳоким мактаб атрофидаги фермерлар уюшмаси раисини турғазди.

- Неча гектар ғалла эккансиз?

- 300 гектар.

- Жуда яхши. Нури билан минерал ўғитни яхшилаб берсангиз, ҳосилдорлик камида 5 центнерга ошади. 3 центнердан келадиган даромадни алоҳида сотиб, мактабдаги муаммони ҳал қилиш мумкинми?

Ш.Мирзиёев шундай деб, рақамларни аниқ ҳисоблаб, натижасини айтди. Раис рози бўлди. Сўнг ҳоким залга мурожаат қилди:

- Оғайнилар! Ҳаёт қанчалик мураккаб бўлмасин, муаммони ўзимиз яратамиз. Аслида, одамларнинг ўзи, ишимиз, иқтидоримиз, ниятимиз имкониятнинг энг катта манбаи. Ҳафсала билан иштиёқ керак. Ташкилот раҳбарлари ҳоким ёрдамида бир-бири билан бўладиган муносабатларни ҳар кун аниқлаб, ҳисоб-китоб қилиб бориши керак. Бинобарин, халқимизнинг қўлидан келмайдиган иш йўқ.

Ён дафтаримдаги ушбу ёзувларни қайта ўқирканман, Шавкат Миромоновичнинг Самарқанд вилоятига раҳбарлик қилган пайтида бизга берган сабоқларини эсладим. Бу сабоқлар ҳаммамиз биладиган ҳолат, ҳаммамиз ҳар куни дуч келадиган воқеалар. Фақат биз эътибор бермаганмиз, «менга нима» қабилида иш тутганмиз. Ҳокимнинг энг катта хизмати ишга киришганининг биринчи куниданоқ барчамизни бош қўшишга, муаммоларни биргаликда ҳал қилишга даъват қилгани бўлди. Таклиф этган ҳар бир лойиҳасида жамоа бўлиб ишлаш ғояси мужассам эди.

Масалан, йиллар давомида темирйўл ёки катта автомагистрал ёқаларида бўш ётган биноларни битта бойваччага эмас, балки икки-уч нафар ишбилармонга бериш таклифларини киритди. Ва, бу тажриба ўзини оқлади.

“Одамларга ишонмоқ ва суянмоқ уларнинг садоқатини оширади”

Ана шу шиор билан ишлаган раҳбар деярли ҳар куни ўнлаб жамоага борар ҳамда у ердаги муаммоларни ўрганиб, аввало, ўша ердаги ходимлар, мутахассислар билан масалага ечим топишга ҳаракат қиларди.

Ана шундай суҳбатларнинг бирида Каттақўрғонда бир пайтлари ном қозонган, кейин эса инқирозга учраган чорвачилик мажмуаси таҳлил қилинди. Қарийб 5 гектар майдонда мажмуадан чиқарилган маҳаллий ўғит махсус ҳовузда чириб ётибди. Лекин бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ, барча мажмуа ичида қолган тўрт бош молни ўғирлаш билан овора. Ана шундай вазиятда ҳоким бу ердаги органик ўғитни барча туманларга ташиб кетишни уюштирди. Шарбат билан суғориш орқали бир йилда ғалла ва пахта ҳосилдорлиги анчагина ошди.

Одамларга, фаолларга суяниб иш тутганлиги сабабли шикоятлардан кўра, таклифлар кўпая бошлади. Жумладан, Жом қишлоғида мактабнинг қўшимча биноси, сел уриб кетган кўприк қисқа муддатда тикланди. Қишлоқ фаоли Эштурди аканинг ташаббуси билан қишлоқ аҳли ёппасига ҳашарга чиқди. Қурилиш материаллари ва мутахассисларни ҳоким уюштириб берди. Бундай хайрли ишлар деярли барча туманларда амалга оширилди. Яширмайман, Пахтачида ўзим ўқиган мактаб эски биноси баҳордаги ёғингарчиликлар сабабли қулаб тушганида худди шу усулни қўлладик. Ҳоким маблағнинг ярмини топиб берди, ярми эса хўжалик раиси Фотима Тўхтапўлатова ташаббуси билан ташкил этилди ва бино таъмирдан чиқарилди.

“Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади”

Бу ўзбек халқ мақолини Шавкат Мирзиёев қайси жамоа­га бормасин, албатта такрорларди, чунки ўзи шунга амал қиларди. Барча раҳбар ва мутахассисларни ҳар бир муаммо сабабини ўрганишга, унинг ечими ҳақида турли вариантларни ўйлаб кўришга даъват қиларди.

Мисол учун, ўша пайтда қишлоқ хўжалик техникалари абгор ҳолатда эди. Айниқса, шудгор ва ўрим-йиғимда лемих ва баллонлар етишмасди, уни харид қилишга пул йўқ. Ана шу нозик пайтда мутахассислар жалб қилинди ва хориждаги заводлар билан шартнома тузилиб, ғалла ва пахта ҳосилининг бир қисми уларга сотилди ва ўрнига керакли эҳтиёт қисмлар олиб келинди. Нарпайлик тажрибали деҳқон Зайнаб Ҳайдарова ўша пайтда, қийналган чоғида битта илтимоси билан тракторга олтита баллон келгани ва қисқа муддатда ғалла ҳосилини йиғиштириб, баллоннинг пулини тўлаб берганини ҳалигача эслаб туради. Бундай яхши хотираларни ўша даврда ишлаган ҳар бир хўжалик раиси айта олади.

Шавкат Миромоновичнинг биз учун берган катта сабоқларидан бири – бу нуронийлар ҳамда ёшларга бўлган ҳурмати эди. Фидойи зиёли Ҳасан Нормуродовни доимо ёнида олиб юриши, у кишидан маслаҳат сўраши бошқа қарияларимизга ҳам куч бағишларди. Пенсиядаги мутахассисларни тўплаб, ҳар бир соҳа бўйича жамоатчилик маслаҳат кенгашлари ташкил этилиши раҳбарлар масъулия­тини ошириш, муҳими, муаммоларга ечим топишда жуда катта самара берди.

Ҳозир Самарқанд шаҳрини безаб турган Ёшлар маркази деярли ҳашар йўли билан қурилди. Албатта, йирик корхоналар катта кўмак берди. Чунки ўша даврда кундан-кун сони ортиб бораётган ёш авлодни тўғри йўлга солиш зарур эди. Бунинг учун ҳар бир туманда ёшлар учун маънавият хоналари, спорт майдончалари ташкил этилди, мунтазам мусобақалар ўтказилди.

Ш.Мирзиёевнинг бизга берган яна бир сабоғи – бу бугунга қадар юрагимизга, вужудимизга куч-қувват бериб келаётган халқимизнинг барча хислатларини намоён қилаётган тушунчадир: «Самарали иш услубини четдан ўрганишимиз мумкин, лекин халқимизнинг ақлу заковатига, иқтидорига ва ишбилармонлигига таянишимиз керак», дерди у киши. Пировардида шундай бўлди ҳам. Ўнлаб соҳаларда Самарқанд тажрибалари пайдо бўлди.

Нокамтарлик бўлса-да, вилоят ҳокимининг матбуотга бўлган муносабатини айтиб ўтмоғим зарур. Бор-йўғи 2-3 минг нусхада чоп этилаётган вилоят газеталари адади у кишининг ёрдами билан 20-25 минг нусхага чиқди. Муассис сифатида газетамизнинг ҳар бир сонида таҳлилий мақола ва танқидлар чиқишини сўрарди. Ҳар бир анжуманда хатога йўл қўйган, масъулиятсиз раҳбарларга “Газета орқали ҳамма қилмишингни халққа ошкор қиламиз», деб дашном берарди. Менинг СТВ телерадиокомпаниясида ҳафтада икки марта икки соатдан тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришимни маъқуллар ва халққа доимо бор гапни айтиб туришимни тайинларди.

Албатта, ўша даврда вилоят ҳокими берган сабоқларни айтаверсак, гап кўп. Кўчаларнинг обод бўлиб қолгани, ишлаётган, машаққат чеккан кишиларнинг рағбатлантирилиши – ҳамма-ҳаммаси одамларнинг ҳоким атрофида жипс­лашгани ва катта иштиёқидан далолат эди.

Биз бугун ҳам ҳурматли Президентимизни ўша салоҳиятда, сиймода кўриб турибмиз. Фақат бугун у киши жаҳон ҳамжамиятига ибрат бўлмоқда ва сабоқ бермоқда. Бу сабоқларнинг моҳиятида Ўзбекистон халқининг манфаати турибди. Бинобарин, Бош вазир бўлиб ишлаган чоғида ҳам, Президентликка киришганида ҳам биз у кишидан ана шундай сабоқлар бўлишига ишонганмиз. Негаки, қалби пок, халқини севган, юртига садоқатли ўғлон ана шундай йўл тутади.

Мен бугун давлатимиз раҳбарининг халқаро нуфузи хусусида алоҳида тўхталиб ўтирмоқчи эмасман. Негаки, биз кундалик ўзгаришлар, эврилишлар даврида Ўзбекистон нечоғли шиддат билан ривожланаётганини, унинг раҳбари салоҳияти халқаро ҳамжамиятда ортиб бораётганлигини кўриб, билиб турибмиз.

Фаридуддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё» китобида ёзилишича, ҳазрати Довуд Тойи рўза пайтида офтобда ўтирган экан. Шунда онаси «Болам, рўза пайти, иссиқ ёмон таъсир қилади, сояда ўтирсанг бўларди», деган. У эса «Эҳ, онажон, мен бу ерга офтоб тушмасидан аввал келиб ўтирган эдим. Офтоб кейин тушди. Энди нафсим маслаҳати ва манфаати учун сояга ўтишга Аллоҳдан қўрқаман», деб жавоб берган экан.

Бизнинг Президент ҳар қандай ҳолатда ҳам Ўзбекистон халқи, шу Ватан учун хизмат қилишга ҳаётини бағишлаган ва бу йўлдан қайтмайди.

Фармон ТОШЕВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.