Қўшработ майизи географик кўрсаткичга эга бўлди

Вилоятимизнинг кўплаб ҳудудларида узум етиштирилади. Мамлакатимизда мавжуд 181 минг гектар токзорларнинг 55 минг гектари вилоят ҳиссасига тўғри келади. Самарқанддаги токзорларнинг 44,5 минг гектарида майизбоп кишмиш, 6,9 минг гектарида хўраки ва 4,1 минг гектарида саноатбоп узум навлари экилган. Ўтган йил вилоят боғбонлари 663 минг тонна узум ҳосили олган бўлса, жорий йил бу рақам 700 минг тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Йилнинг биринчи ярмида Самарқанддан 2,7 миллион долларлик 2 минг тонна узум ва 53,7 миллион долларлик 34,2 минг тонна майиз маҳсулоти экспорт қилинган.

Қўшработ далаларида етиштирилаётган узум ва майиз маҳсулотларига нафақат юртимиз, ҳатто хорижда ҳам талаб юқори. Бугунги кунда тумандаги 13 минг 900 га яқин томорқа ва деҳқон хўжаликлари 7 минг гектардан ортиқ майдонда узум етиштиради. Бу боғ-токзорлардан ҳар йили 50-55 минг тонна ҳосил олинади ва унинг катта қисми майиз қилинади ҳамда экспортга чиқарилади. Бир пайтлар фақат чорвачилик билан донг таратган Қўшработда бугунги келиб майизчилик асосий драйверга айланди. Шунинг учун Самарқандда илк бор ўтказилаётган “Майиз сайли” асл боғбонлар, маҳоратли майиз етиштирувчилар юрти бўлган Қўшработда ташкил этилди.

Тадбирда қўшработлик деҳқон ва фермерлар билан бирга вилоятнинг бошқа ҳудудларидан ҳам боғбон ва тадбиркорлар, узум етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар қатнашди.

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев майиз сайли қатнашчиларини табриклаб, вилоятда узумчиликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ва келгуси режалар ҳақида маълумот берди.

Вилоят раҳбари айни пайтда Қўшработ, Иштихон, Пайариқ, Ургут, Самарқанд, Булунғур ва Тойлоқ туманларида узумчилик аграр соҳанинг асосий сердаромад тармоқларидан бирига айланганини қайд этиб, янги ва серҳосил узум навлари яратилаётгани, хорижга майиз экспорти йил сайин ошиб бораётганини таъкидлади.

– Ҳар бир ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб янги токзорлар барпо этилмоқда, инвитро усулида ток кўчатлари яратиляпти, – деди А.Бобоев. – Масалан, Қўшработда “Аватар”, “Гигант (Сирлибой)” каби узум навларини етиштириш кенгайди. Йил сайин бу навдаги токзорлар кўпайтириб борилмоқда. Токзорлардан самарали фойдаланиш ҳамда даромадни ошириш учун узумзорлар босқичма-босқич шпалерга кўтариш ишлари амалга оширилмоқда. Янги экилаётган токзорларда томчилатиб суғориш тизими жорий этилиб, сув сарфи камида икки баробарга қисқармоқда ҳамда ўғитлаш жараёнлари осонлашмоқда. Муҳими, бу усул ҳосилдорлик ва сифатга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бугунги кундаги асосий вазифамиз узум етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиб, юқори даромад олишдир. Бунинг учун албатта илм, тажриба ва инновация керак. Бу борада ҳам туманларимизда амалий ишлар бошланди ва уни янада ривожлантириш чораларини кўрамиз.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири А.Тошқулов “Самарқанд майизи” ва “Қўшработ майизи” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганини маълум қилди. Бу ҳақдаги гувоҳномалар вилоят ва Қўшработ тумани ҳокимларига топширилди.