Таълим ва спорт муассасалари куз-қиш мавсумига тайёрми?

Икки йилдирки, аксарият ижтимоий соҳа обектлари давлат-хусусий шериклик асосида кўмир ёки муқобил энергия манбалари орқали иситиб келинмоқда. Табиий газда ишлашга мўлжалланган қозонхоналарни тўлиқ қайта мослаштирмасдан ушбу тизимга ўтилгани айрим муаммоларга сабаб бўлган бўлса-да, ҳозирда бу жараён босқичма-босқич барқарорлашмоқда.

Иштихон туманидаги умумтаълим мактаблари ва боғчалар 2025–2026 йилги куз-қиш мавсумида ҳам тадбиркорлар томонидан иситилар экан.  Маълум бўлишича, тумандаги 14 та мактаб ва 11 та боғчанинг иситилишини «Хуршид Макро» масъулияти чекланган жамияти зиммасига олган. Ташкилот иш бошқарувчиси Ҳайдар Очиловнинг таъкидлашича, муассасалардаги иситиш қозонлари тўлиқ кўмирга мослаштирилиб, етарли миқдорда кўмир захираси яратилган. Айни пайтда иситиш қозонлари ва тармоқлар мавсумолди синовдан ўтказилиб таъмирланмоқда.

– Муассасамизда 1180 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади, – дейди тумандаги 8-мактаб директори Дилноза Элмуродова. – Мактабимизда саккизта қозонхона бўлиб, икки йилдан бери тадбиркор томонидан кўмир билан исититилади. Шу вақтгача синфхоналарни иситишда ҳеч қандай муаммо бўлмади. Бу йилги мавсум олдидан 50 тонна кўмир берилди, қозонхона ва тармоқлар синовдан ўтказилиб, шай ҳолатга келтирилмоқда.

Туманнинг Ўзбекистон маҳалласида жойлашган 35-мактаб тумандаги энг катта таълим муассасаси бўлиб, бешта бинодан иборат ва 15 та қозонхона билан иситилади.

– Биномиз катта, 1880 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олади, – дейди мактаб директори Феруза Умрзоқова. – Муассасамиз олдин табиий газ билан иситилса-да, қишда босим пасайиб, тизим талаб даражасида ишламасди. Қозонхоналар кўмирга мослаштирилгач, иссиқлик тизими барқарорлашди ва қишда ўқувчиларимиз совқотмай ўқишяпти. Бу йилги мавсум учун 75 тонна кўмир захира қилиниб, тадбиркор томонидан қозонхоналардаги камчиликлар ҳал этилмоқда.

Иштихон туман спорт мактабидамиз. Муассасага қарашли  бешта очиқ ва бешта ёпиқ спорт иншооти бор. Ёпиқ спорт иншоотларининг ҳар бирида биттадан қозонхона бўлиб, газ билан иситилади. Спорт мактаби директори Олим Садуллаевнинг айтишича, бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва тизимдаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида 1 миллиард 753 миллион сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағга спорт мактаби тасарруфидаги иншоотлар қозонхоналари қайта таъмирланиб, иситиш тизими янгиланади, шунингдек, Қорақўйли маҳалласидаги 12×24 ўлчамдаги спорт залини таъмирлаш режалаштирилган.

Фазлиддин РЎЗИБОEВ.