“Самарқанд китоб олами” ўзининг илк филиалини очди
“Самарқанд китоб олами” маънавий-маърифий мажмуасининг Самарқанд тумани филиали иш бошлади.
Туманнинг Усмон Юсупов кўчасида жойлашган мазкур маънавият масканининг очилишида туман ҳокимлиги вакиллари, маданият ходимлари ҳамда ижодкор ёшлар қатнашди. Кутубхона замонавий тарзда қурилган бўлиб, китобхонлар ўтириб китоб ўқиши ва сотиб олиши учун барча қулайликлар яратилган.
– Бу "Самарқанд китоб олами"нинг тумандаги биринчи бўлими, - дейди кутубхона муассиси А.Маҳмудов. – Бундай кутубхоналарни вилоятимизнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам очишни режалаштирдик. Бизнинг мақсадимиз чекка жойларга китоб етказиш орқали инсонларнинг маънавияти ва дунёқарашини ошириш. Ўйлаймизки, одамларни китоб ўқишга ўргатиш кенг йўлга қўйилса, албатта, яхши натижаларга эришамиз.
Тадбирда иқтидорли ёшлар ўртасида мушоира ташкил этилди.