Самарқандда 44 та тикув корхонаси мактаб формаси тайёрламоқда
Янги ўқув йили учун мактаб формаси тикиш вилоятдаги 12 та тўқимачилик корхонасига юклатилган. Шунингдек, уларга 32 та қўшимча тикув корхоналари ёрдам бермоқда. Айни кунда вилоятда жами 44 та корхона ўқувчилар учун мактаб формаси тайёрламоқда.
- Мактаб формаси ўқувчиларнинг ёшига қараб, 200 минг сўмдан 400 минг сўмгача тикиляпти, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Акмал Олимов. – Матоси евро материалдан бўлиб, 1-6-синфгача бўлган болалар учун эркин бичимда, 7-11-синфгача бўлган ўқувчилар учун классик бичимда тайёрланяпти. Мактаб формаси ўғил болалар учун костюм, нимча, шим, қиз болалар учун костюм, нимча, юбкадан иборат.
Мактаб формаси учун ишлатилаётган мато Хитойдан бир метри 5 доллардан келтирилмоқда. Туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан айрим тикув корхоналари маълум мактабларга бириктирилган бўлса, айрим корхоналар ҳудудий эҳтиёждан келиб чиқиб, мактаб формалари тайёрламоқда.
Бу йилги мактаб формалари кам таъминланган оила фарзандлари, шунингдек, “Аёллар”, “Ёшлар”, “Темир” дафтарларга киритилган оила фарзандларига ҳокимликлар томонидан бепул берилади. Вилоятимизда тахминан 60 мингдан зиёд ўқувчи юқоридаги тоифа фарзандлари бўлгани сабабли улар бепул мактаб формалари билан таъминланиши кўзда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 майдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, мактаб ярмаркалари аҳолига қулай бўлган туман (шаҳар) марказларида 10 августдан бошлаб ташкил этилади.
Хуршида Эрназарова.