Самарқандда палов чемпионати ғолиблари аниқланди
Самарқанд шаҳридаги “Боғишамол Гарден” дам олиш масканида вилоят туризмни ривожлантириш департаменти Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси билан ҳамкорликда “World Plov Сhampionship" пазандачилик мусобақаси ташкил этилгани ҳақида ахборот бергандик.
Мазкур беллашувда турк, уйғур ҳамда республикамизнинг 8 вилоятидан келган тажрибали ошпазлар турлича палов тайёрлаш усуллари бўйича ўзаро баҳслашди.
Хорижлик сайёҳлар ва шаҳримиз меҳмонлари кўз ўнгида маҳорат бобида бир-биридан қолишмайдиган ошпазлар танлови ғолиблари аниқланди. Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг қозон-ўчоқлари атрофи тозалиги, ишлаш тартиби, масаллиқларнинг таркиби, уларни тўғри тайёрлаш, ижодкорлиги ва таом тақдимоти, сифати ҳамда кўрсаткичлари бўйича баҳолаб боришди.
Ҳакамларнинг юқори баҳоси ҳамда меҳмонларнинг олқишига сазовор бўлган Тошкент шаҳридан келган ошпаз Файзулла Абдуллаев томонидан тайёрланган байрамона палов 1-ўринни қўлга киритди. 2-ўрин самарқандча палов тайёрлаган моҳир ошпаз Исматилла Исломовга насиб қилди. Мусобақанинг 3-ўрнига тошкентлик ёш ошпаз Акром Обидовнинг чойхона палови сазовор бўлди.
- Мазкур чемпионатда «Аланга» гуручидан байрамона палов тайёрлаб ғолиб бўлдим, - дейди тошкентлик ошпаз Файзулла Абдуллаев. – Рақибларим ҳам тажрибали ошпазлар ҳисобланади. Ўзим ҳам бир неча бор республика ва халқаро танловларда қатнашиб, палов, манти, сомса, чучвара каби миллий таомларимизни тайёрлаб, юртимиз миллий ошхонасининг жаҳонга танилишида ҳиссамни қўшиб келяпман. Тайёрлаган паловим меҳмонларга манзур бўлганидан хурсандман.
Юртимизда тайёрланадиган миллий таомларни тарғиб қилиш орқали гастрономик туризмни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, мазкур ошxона чемпионатини ташкил этиш ҳам шу йўналишда олиб борилаётган режаларнинг бир қисми саналади.
- Бутун дунёда гастрономик туризм барча сайёҳларни ўзига жалб этади, - дейди Ўзбекистон Гастрономик туризм ассоциацияси президенти Гулноза Одилова. - Жумладан, юртимизга ташриф буюраётган хорижлик сайёҳлар ҳам тарихий ёдгорликлардан ташқари, миллий таомларимизни татиб кўришга иштиёқманд бўлишади. Улар бугун Самарқанд шаҳрида паловнинг турли усулларда тайёрланишини кўриб, лол қолишди ва таъми, тузилиши, ранги ва масаллиқлари турлича бўлган ширин ва лаззатли ошларимиз ёққанлигини таъкидлашмоқда.
Тадбирда вилоят маданият бошқармаси томонидан ташкил этилган миллий ашула ва рақс ансамбли хонанда ва раққосаларининг бадиий чиқишлари ҳамда Соҳибқирон Амир Темур даврига оид миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, тариxий либослар кўргазмаси ҳам намойиш этилди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.