Самарқандда шаҳарсозлик Барселона, Валенсия, Мадрид, Флоренция, Миландаги тажрибалар асосида такомиллашади
Самарқанд шаҳрида «ACIR Southern Europe» альянси ташаббуси билан "Senior" шаҳарсозлик-меъморчилик лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур халқаро бизнес платформа Жанубий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари компаниялари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилди. Тақдим этилган лойиҳалар эса Испания, Португалия ва Италия давлатларида шаҳарсозлик борасида юқори тажрибага эга ташкилотлар вакиллари томонидан ишлаб чиқилган.
«ACIR Southern Europe» альянси ва вилоят ҳокимлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик битими 2023 йилнинг 23 январида имзоланган эди. Бугунги кунда Жанубий Европанинг Барселона, Валенсия, Мадрид, Флоренция, Милан шаҳарлари билан ҳамкорликда 6 та йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
"Senior" муаллифи Эдуард Гуляннинг таъкидлашича, лойиҳани амалга ошириш жараёнида шаҳарда ҳаёт сифатини яхшилаш, ўзига хос миллий маданиятнинг муҳим элементларини сақлаб қолиш борасидаги таклифлар ҳисобга олинади. Шу билан бирга, ҳар қандай модернизация илғор Европа тажрибаси ва тегишли молиялаштириш технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Жорий йил 6 июль ва 19 сентябрда бўлиб ўтган қўшма йиғилишларда вилоят ҳокими ўринбосарлари, Испания Қироллигининг Ўзбекистондаги вакиллари ва Ўзбекистон Республикасининг Испаниядаги вакиллари, қурилиш бўйича мутахассислари иштирок этган эди.
Тез орада компания мутахассислари билан навбатдаги йиғилишни ўтказиш режалаштирилган. Бунда лойиҳанинг умумий режаси аниқлаштирилиб, унинг молиявий томонлари келишиб олинади. Лойиҳани амалга оширишда Европа давлатларида қўлланиладиган ободонлаштириш технологияларини Самарқанд шаҳри атроф-муҳитига мос келиши, аҳоли саломатлигига зиён етказмаслигига катта аҳамият берилади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.