Самарқанддаги онлайн поликлиника фаолияти билан қизиқиб, рақамларни тердим…
Самарқанд давлат тиббиёт институти вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси кўмагида онлайн поликлиника ишга туширганига анча бўлди. Айни пайтда қўнғироқлар сони кундан кунга ортмоқда.
Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда ҳудуддаги вазиятни яхшилаш мақсадида фаолият кўрсатаётган онлайн-поликлиникага самарқандликлар 1105 рақами орқали мурожаат қилиши мумкин.
Бугунга келиб, коронавирус пандемияси бошланган илк ойларданоқ ташкил этилган, 66 233-08-41 рақамга ҳар куни юзлаб қўнғироқлар бўлмоқда. Ушбу марказда аввалига тиббиёт институтининг саноқли ўқитувчи ва талабалари кўнгилли сифатида фаолият кўрсатаётган эди. Бугунга келиб улар сафига 30 га яқин тиббиёт институтининг ўқитувчи ва магистрантлари қўшилган. Call-марказдан фарқли ўлароқ, бу ерда саволларга фақатгина умумамалиёт шифокорлари эмас, балки кардиолог, невролог, отоларинголог, гинеколог каби малакали мутахассис, профессор ўқитувчилар жавоб беради.
- Мурожаатлар нафақат Самарқанд, балки қўшни Жиззах, Сирдарё вилоятларидан ҳам тушмоқда, - дейди психолог Дилором Жўраева. – Аҳолидан тушаётган саволларни таҳлил қилар эканмиз, улар касаллигидан эмас, кўпроқ касал бўлиб қолишдан қўрқаётгани, депрессияга тушаётгани маълум бўлмоқда. Уларга узоқдан амалга ошириш мумкин бўлган барча тавсиялар айтилмоқда.
P.S. Дарвоқе, қариндошларимдан бири яқинда коронавирус хасталигини бошидан ўтказиб, уйда даволанган эди. Аммо асоратлари ўзини намоён қилаётгани учун безовта бўлди. Ушбу асоратларни бартараф этишда маслаҳат олиш, ҳамда онлайн-поликлиниканинг иш фаолияти нечоғлик экани ҳақида тўлиқ ишонч ҳосил қилиш учун, юқоридаги рақамларга териб кўрдим. Кўп куттирмай, мутахассислар телефонни кўтарди ва барча саволларимга ўша пайтнинг ўзиёқ жавоб олдим.
Замира БАЛТАЕВА.