Самарқанддаги қайси банкда қандай кредитлар бериляпти?
Янги йилнинг дастлабки ойи деярли якунига етди. Таҳририятимизга вилоятимиздаги тадбиркорлар ва аҳоли томонидан тижорат банкларидан кредит олишда қийинчиликлар бўлаётганлиги тўғрисида мурожаатлар бўлмоқда. Хўш, ҳозирда қайси тижорат банкида қандай турдаги кредитлар ажратилмоқда?
Ушбу саволга Марказий банк вилоят бош бошқармаси кредит бўлими бошлиғи Жасур Баҳриев қуйидагича жавоб берди:
- Ҳозирда 18 та тижорат банкининг вилоятимиздаги филиаллари томонидан (2021 йилнинг 26 январь ҳолатига кўра) автокредит, микроқарз, уй-жойни таъмирлаш учун, истеъмол кредити, айланма маблағни тўлдириш учун кредитлар, ипотека кредити (бирламчи ва иккиламчи бозор учун), онлайн микроқарз, кредит карта, овердирафт, таълим кредитлари берилмоқда. Ушбу кредитлар тури, муддати ва гаров таъминотига кўра, миллий валютада 16 фоиздан 30 фоизгача бўлган ставкаларда берилмоқда.
Шунингдек, хорижий валютада ҳам ҳар бир тижорат банки белгиланган шартлар асосида 7,5 фоиздан 12 фоизгача ҳақ олиш шарти билан кредитлар ажратмоқда.
Жумладан, (жисмоний ва юридик шахслар қўшилганда) “Ҳамкорбанк” 10 турдаги, “Алоқабанк” 8, “Капиталбанк” 4, “Инфин банк” 6, “Азия Альянс банк” 3, “Асакабанк” 1, “Қишлоқ қурилиш банк” 2, “Агробанк” 6, Халқ банки 12, “Тенге банк” 2, “Саноатқурилишбанк” 1, “Микрокредитбанк” 11, “Ипак йўли банк” 5, “Ориент Финанс банк” 4, “Савдогарбанк” 5, “Зираат банк” 7, “Ипотека банк” 8, “Туронбанк” 6 турдаги кредитлар бермоқда.