Самарқандга хориждан 8 та автомобиль олиб келинди

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 21 февралда қабул қилинган “Автотранспорт воситаларининг ички бозорини ривожлантиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, мамлакатимизга хориждан автомобиллар олиб киришда божхона тўловлари ставкалари пасайтирилиши белгиланди.

Мазкур қарор асосида амалга оширилаётган ишлар, берилган имтиёз ва енгилликлар юзасидан Самарқанд вилояти божхона бошқармасига мурожаат қилдик.

– Божхона кодексининг 289-моддасига асосан, товар ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтишда импорт божхона божи, акциз солиғи, қўшилган қиймат солиғи, утилизация йиғими ва божхона йиғимлари тўланади, – дейди вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев. – Юқоридаги қарор билан Президентнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 1-иловасида тасдиқланган “енгил транспорт воситалар”нинг импорт божхона божи ставкасига қўшимча ва ўзгартириш киритилди.

Шунга мувофиқ, ўзгартириш киритилгунга қадар амалда бўлган айрим “енгил транспорт воситалари”нинг импорт божхона божи ставкаси божхона қийматининг 30 фоизи + куб.см.га 1,8-2,5 АҚШ долларгача белгиланган бўлса, ўзгартириш киритилгандан сўнг, ишлаб чиқарилганига бир йил ошмаган енгил транспорт воситаларига импорт божи ставкаси икки бараварга камайтирилиб, яъни 15 фоиз + куб.см.га 0,8-1,25 АҚШ доллари этиб белгиланди.

Мисол учун, Бирлашган Араб Амирлигидан олиб келинган, ишлаб чиқарилганига 1 йилдан ошмаган “BMW X7” маркали транспорт воситасига божхона божи ставкасига ўзгартириш киритилмагунга қадар жами 537,7 миллион сўм божхона тўловлари тўлаган бўлса, ўзгартириш киритилгандан сўнг 385,4 миллион сўм божхона тўловлари ундирилмоқда, яъни 152,3 миллион сўм кам тўланмоқда.

Бундан ташқари, мамлакатимизга хорижий автотранспорт воситаларини олиб кириш Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 19 ноябрда 2156-рақам билан рўйхатдан ўтказилган “Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор билан тартибга солинади. Қарорнинг иккинчи бандида “хорижий автотранспорт воситалари - хорижий давлатларнинг рўйхатга олиш идораларида рўйхатда турган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чет эл фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсий эҳтиёжларини қондириш ҳамда юклар ва йўловчиларни халқаро ташиш мақсадларида вақтинча олиб кириладиган автотранспорт воситалари” эканлиги;

15-бандида “хорижий автотранспорт воситаси Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига киргандан сўнг божхона божлари ва солиқлардан тўлиқ озод этилган ҳолда, ушбу ҳудудда туришининг умумий муддати календарь йил мобайнида жами тўқсон календарь кундан ошмаслиги лозим, халқаро юк ва йўловчи ташишда қўлланиладиган автотранспорт воситаси бундан мустасно” эканлиги;

16-бандида “божхона божлари ва солиқлардан тўлиқ озод этилган муддат ўтгандан сўнг хорижий автотранспорт воситасини бир календарь йил давомида тўқсон календарь кундан ортиқ муддатга вақтинчалик олиб кирганлик учун олиб чиқиб кетиш муддатининг ўтказиб юборилган ҳар куни учун транспорт воситасининг ҳар бир от кучидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,7 фоиз миқдорида йиғимни тўлаш шарти билан йўл қўйилиши” белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги 700-сон қарорининг 1-иловаси 7-бандига мувофиқ, 90 кундан кейин, муддати ўтган ҳар кунига ҳар бир от кучи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,7 фоизи миқдорида мажбурий йиғим ундирилиши белгиланган.

Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён Самарқанд вилоятига 8 та (Бирлашган Араб Амирликларидан 6 та, Америка Қўшма Штатларидан 2 та) енгил транспорт воситаси олиб келинган. Ўтган йилнинг шу даврида эса вилоятга БААдан 15 та, Корея Республикасидан 2 та автомобиль олиб келинган.

Ғ.Ҳасанов.