Самарқанднинг туризм салоҳияти Сианда намойиш этилди
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов бошчилигидаги туризм соҳаси масъуллари ва сайёҳлик фирмалари вакиллари Хитой Халқ Республикаси Шэньси провинцияси Сиан шаҳрининг туризм салоҳияти билан танишиш ҳамда мазкур йўналишда ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида мазкур шаҳарда хизмат сафарида бўлди.
Провинция ва Сиан шаҳри масъуллари, туризм сектори раҳбарлари билан учрашувларда Самарқанд ва Сиан ўртасида йўлга қўйилган маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, туризм соҳасида ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
“Самарқанд – янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” шиори остидаги Самарқанд – Сиан саёҳлик форуми ташрифнинг асосий воқеаси бўлди.
Форумда Самарқанднинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, хорижлик сайёҳлар учун яратилган қулайлик ва имкониятлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, мазкур соҳада фаолият олиб борадиган тадбиркорлик субъектлари, хусусан, чет эллик инвесторларга берилган имтиёз ва енгилликларга тўхталди. Хитойлик тадбиркорларни ҳамкорликда ишлашга таклиф қилди.
Форумда Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳамда Шэньси провинциясининг туризмни ривожлантириш бўйича ташкилоти ўртасида келишув меморандуми имзоланди.
Тадбирда Самарқанд ва Сиан туризм соҳаси вакиллари иштирокида B2B учрашувлар ташкил этилди.