Сенатор учрашувлари: Самарқанддан Қўшработгача

Олий Мажлис Сенатининг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев вилоятимизда бўлиб, маҳаллий кенгашлар депутатлари, “маҳалла еттилиги” ва аҳоли билан учрашувлар ўтказди.

Учрашувларда Олий Мажлис Сенатининг яқинда ўтказилган учинчи ялпи мажлисида муҳокама этилган масалалар, маъқулланган қонунлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ҳамда давлатимиз раҳбарининг бу борадаги қарорлари ижроси юзасидан жойларда олиб борилаётган ишлар, бандлик дастурларининг ижроси ўрганилди.

Дастлаб, Сенат қўмита раиси халқ депутатлари вилоят Кенгаши биносида депутатлар билан мулоқот қилиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир дастурлар ижроси юзасидан депутатлик назоратини амалга ошириш, кенгашларда раҳбарлар ҳисоботларини эшитишда депутлар фаоллигини кучайтириш ва аҳоли мурожаатлари билан ишлашни такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Депутутлар янгича асосда фаолият олиб бораётган халқ депутатлари вилоят Кенгашлари ва Сенат ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, қонунларни муҳокама қилишда маҳаллий кенгашларнинг иштироки каби масалалар юзасидан ўз фикрларини билдириб, сенаторга бир қатор таклифларини баён қилдилар.

Шундан сўнг Баҳром Абдуллаев халқ депутатлари Жойбой тумани кенгаши фаолияти билан танишди. Туманда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат дастурлари ижроси, аҳоли мурожаатлари билан ишлашда депутатларнинг роли муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Тумандаги саноат корхоналари, маҳаллалардаги учрашувларда ҳам сенатор ва маҳаллий кенгашлар депутатлари тадбиркор ва ишчи-ходимлар, “маҳалла еттилиги” билан суҳбатлашиб, қабул қилинган янги қонунларнинг аҳамияти ҳақида тушунча берди, шунингдек, амалиётда қонун ҳужжатларининг қай тартибда ишлаётганига эътибор қаратилди.

– Бугун аҳолининг депутатларга ишончи ошган, шу билан бирга депутатлар ҳам анча фаол ишлаяпти, – дейди Жомбой туманидаги Алишер Навоий номли маҳалла раиси, халқ депутатлари туман кенгаши депутати Хуршида Қосимова. – Бу маҳаллий Кенгашлар ваколатларининг кенгайгани ва ижро ҳокимиядан мустақил ҳолда фаолият кўрсатаётгани билан боғлиқ, албатта. Олий Мажлис Сенати қўмита раиси айни пайтда маҳаллий Кенгашлар олдида турган вазифалар, ижро ҳокимияти органлари билан муносабатларда нималарга эътибор қаратишимиз зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Самарқандга сафари давомида Баҳром Абдуллаев Оқдарё ва Қўшработ туманларида ҳам раҳбарлар, депутатлар ва аҳоли билан учрашувлар ўтказди. Мазкур ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар ва янги лойиҳалар билан танишди.

Жумладан, Қўшработ туманида ўтган йил обод қилинган Шовона маҳалласида “маҳалла еттилиги” билан учрашиб, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди. Юқори Жўш, Оқчобсой маҳаллаларидаги умумий ўрта таълим мактабларида яратилган шарт-шароит, Чиммос маҳалласида ёшларни келажак касбларига, дастурлаш ва чет тилларига ўқитишга ихтисослашган 120 ўринли “IT VILLAGE” ўқув маркази қурилиши жараёнлари кузатилди. “Хонбанди” сув омборида сайёҳликни ривожлантириш мақсадида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар билан танишилди.

Сенатор билан мулоқотларда жойларда мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан ҳам фикр алмашилди, қонунлар юзасидан таклифлар билдирилди.