Сенатор ёшларнинг таклиф ва муаммоларини тинглади
Самарқанд шаҳидаги Ёшлар марказида Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев иштирокида “Сенатор ва ёшлар” онлайн учрашуви бўлиб ўтди.
Унда вилоятимизнинг барча туманларидан юзга яқин ёшлар ўзларини қизиқтирган савол, муаммо ва таклифлар билан сенаторга мурожаат қилди. Жумладан, самарқандлик Сайёра Баҳриддинова ёшларни иш билан таъминлашда корхона, ташкилотлар уларнинг ойлик иш ҳақларини оширишга эътибор беришларини айтди. Оқдарёлик ўқув маркази раҳбари фаолиятини кенгайтиришда кредит олиш учун амалий кўмак сўради. Райҳона Анорбоева ёш истеъдодли шоираларнинг китобларини чоп этиш таклифини илгари сурди.
- Ёшларимиз ўз фикрига, ўз сўзига эгалиги мана шундай учрашувларда билинади, - деди “Zarafshon” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, сенатор Фармон Тошев. – Уларнинг ҳар бир фикри, таклифи жамиятимизни янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Айрим ёшларимиз эътиборимиздан четда қолган муаммоларни айтаяпти. Асосийси, улар атрофимиздаги воқеа-ҳодисаларга эътиборли. Демак, бу каби учрашувларни кўпроқ ўтказиш, уларни тинглаш керак.
Сенатор Ф.Тошев онлайн учрашув давомида ёшлар томонидан билдирилган муаммолар ечимига ўз ваколати доирасида ечим топишга ҳаракат қилишини билдирди.