Шаҳарлик бека, қишлоқ аёли сиздан ўзиб кетди!

Ҳар йили бир неча марта оиламиз катталари билан қишлоққа бориш, қариндошларимиз билан, дийдорлашишга вақт топамиз. Аслида қариндош-уруғнинг дийдори, зиёратидан ёқимлироқ ҳис бўлмаса керак.

Бундан бир йил аввал борганимизда икки кун меҳмон бўлишимизга тўғри келганди. Аммам ва амакимларникига бордик, бемор ётганларидан ҳол-аҳвол сўрадик, келин туширганларининг қўлидан бир пиёла чой ичдик.

Кимнинг уйига борсам, ҳашамат, дастурхону тозалик ва бошқа ҳолатларга эътибор билан қараб ўтирмайман. Қариндошларимизникида ҳам шундай. Лекин кейинги пайтларда қишлоқ хонадонларидаги жуда кўп жиҳатлар менда ҳавас ва ҳайрат уйғотяпти. Аввало, қайси хонадонга борманг, эшик олдида замонавий қўлювгич, текисланган супа, супа пастида қийғос очилган гуллар, ёз ойларида эса ҳовли атрофига териб чиқилган тувак гулларга кўзингиз тушади, баҳри-дилингиз очилади. Албатта, ҳар бир супа войиш, ток билан ўралган, тартибга келтирилган, томорқадаги экинларнинг бир текис ривожи ҳам кишига ўзгача завқ беради.

Фақат меҳнати билан

Дастурхондаги ликопчалардан тортиб, таомлар ҳам шаҳардаги меҳмоннавоз бекаларнинг дастурхонидан қолишмайди, ундан ўтса ўтадики, асло ками йўқ. Тўшалган кўрпачалар, дарпардалар ҳам худди шундай, шаҳарда яшовчи баъзи бекалар орзу қилар даражада дид билан тикилган. Сочиқларнинг дастурхонга мослаб қўйилгани, газли ичимликлар учун бежирим фужерлар ҳам эътиборимдан четда қолмади бу гал.

Уйдаги безак, меҳмон кутишдаги одатий ҳолатларни батафсил тасвирлаётганимдан ҳайрон қолаётгандирсиз. Гап шундаки, бундан бир неча йил аввал (кўпчиликнинг наздида ҳалиям) қишлоқдаги ҳаёт худди илгаригидек униқиб кетган рўзғордай тасаввур қилинарди. Бугун шароитлар тамомила ўзгариб кетганини бир йилда бир бориб билиб бўлмайди, қишлоқда уч-тўрт кун яшаб, буни ҳис қилиш керак.

Шулар ҳақида айтарканман, қишлоқдош аёллар ийманибгина кулиб қўйдилар. Шаддодроқ аммам, “Юр, сенга бир нима кўрсатаман”, деб қўлимдан тортиб кетди.

Янги қурилган ошхона, замонавий ҳаммомларини кўрсатиб чиқди. Барчасида аёлнинг меҳнат қилиши учун қулай шарт-шароит яратилган, иссиқ-совуқ сув муҳайё.

- Сен доим қаҳрамонларингни бошқа туманлардан излаб юрасан, бизнинг қишлоқ аёлларини ҳеч ёзмайсан, шунга билмайсан-да, - деб ҳазил қилдилар яна бир аммам Матлуба Эргашева. – Мана, ишонмасанг, меҳмон опалардан ҳам сўраб кўр, уларнинг ҳам уйида шундай шароит бор. Лекин буларнинг ҳаммаси меҳнат билан бўлади. Меҳнат қилмаганни томорқасидан ҳам билсанг бўлади, уйига кириб ўтиришинг шарт эмас.

Аввалига мен уларнинг оиласида четда ишлайдиганлар бўлса керак, деган хаёлга бордим. Аммо бир уй аёлдан сўраб-суриштириб билдимки, ундай оилалар саноқли экан.

Дарвоқе, ростдан ҳам бу ерда одамлар бир-биридан уялиб ҳам томорқасини яхшилаб қўйишга, кези келганда, кимўзарга ҳосил йиғишга киришаркан.

Боғча болалари машинада уйига келтирилади

Ҳовли атрофини кўздан кечириб юрган пайтимизда дарвозадан аммамнинг невараси кириб келди. “Боғчадан келаётган каттаконим”, деб эркатойини суйган бўлдилар аммам. Менинг эса ҳайронлигим ошган.

- Ие, боғча шунча яқинми, пиёда келяптими? - деб сўрайман.

- Йўғ-а, машина олиб келиб, олиб кетади болаларни, оилавий боғча очилган қишлоғимизда.

- Неча пул тўлайсизлар, жуда қимматдир-да, болаларни уйидан олиб кетиш хизмати ҳам бўлса.

- Унчаликмас, 150 минг сўм тўлаймиз.

- Унда озиқ-овқати ҳаминқадардир-да, - дейман барибир ишонқирамай.  

Келини барча гапларимни эшитиб ўтирган экан шекилли, “унақамас, мана кўринг”, дея телефонини олиб келди. Ўзлари ташкил қилган телеграм гуруҳда ота-оналар учун тарбияланувчилар нима истеъмол қилаётгани, қандай машғулот ўтаётганлари – ҳаммаси суратлар билан бериб борилар экан. Оилавий боғчалар кўпайгани учун мижозларини йўқотмаслик учун шароитини яхшилашга, машғулотларни мукаммалроқ ўтишга интиларкан. “Қишлоқ мазза-ку”, девордим, беихтиёр. Бу эшитганларим ҳали ҳолва экан.

Қизлар хориж университетларида ўқишга аҳд қилган

Кейинги манзил, яна бир қариндошимизнинг уйига тўсатдан ҳол сўраш учун бордик. Тезда мўъжазгина жой тайёрланди. Орадан кўп ўтмай, қовурилган жўжа келтирилди, уйда пиширилганга ўхшамади, ҳайрон бўлдим, бу ҳақда сўрадим.

- Қишлоғимизда ошхона бор-ку, қўнғироқ қилсак, уйга ҳам олиб келиб беришади, - деди уй бекаси.

Шу орада уларнинг бир фарзанди мактаб кийимида бегона машинадан тушаётганига гувоҳ бўлдим.

- Қизим туманимиздаги Президент мактабига кирди шу йил, - дейди Малика Раҳмонова. – Бир йил давомида инглиз тили ва математикадан репетиторга борди, шукур, мана ниятлари ижобат бўлди. Хориж институтида ўқимоқчи, дипломат бўламан, деган ниятлари бор. Ўзим тикувчилик қиламан, турмуш ўртоғим ҳам ишлайди. Томорқамиз, мол-ҳолимиз билан боғлиқ юмушларни қайнонам, қайнотам билан биргалашиб қиламиз. Ошхона, ҳаммомларни ўзимизга қулай қилиб жиҳозлаб олганмиз. Баъзи қўни-қўшнилар “Уйингиз шаҳардагидай, пулни қандай қилиб етказасизлар?”, деб сўрайди. Менимча, пулни турли ҳою-ҳавасларга эмас, тўғри ишлатса, аёлга ҳам рўзғорда яхши шароит яратиб олиш мумкин.

Қадоқ қўлларни кўрмадим

Тўғриси, ҳар бир хонадонга борганимда ҳайратим ошаверди. Ахир, эсимни таниганимдан бери шу қишлоққа қатнайман. Лекин хонадонлардаги ҳозирги каби ўзгаришлар, шароитларга олдин ҳеч дуч келмаганман. Битта маҳалланинг ўзида бир неча замонавий дўкон, супермаркет, учта ошхона, тўртта оилавий боғча, гўзаллик салони, ўнлаб тикувчилик цехлари, қолипли нон ишлаб чиқарувчи цехлар – буларнинг ҳаммаси юқоридаги воқеалар рўй бераётган ҳудуд - Оқдарё тумани Ойтамғали маҳалласига тегишли.

Эсимда, болалигимда ёз кунлари қишлоққа бориб турганимда аммамларни (улар олти нафар) деярли кўрмасдим. Тонг саҳар далага чиқиб кетардилар. Кечроқ ўзларининг томорқасида ишларди. Қўллари мудом қорайиб, ёрилган, меҳнатдан юзлари ҳам ёш бўлса-да, ажин босгандай кўринарди кўзимга.

Бугун меъёрида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг қўлларида қадоқ кўрмадим.  Ўзларига қараган, оро берган аёллар кўпроқ кўзга ташланади. Қизиқдим, пахтага чиқадиган аёллар ҳам саноқли экан. Тўғри, барча ҳудудларда аҳвол шундай, деб бўлмайди. Аммо томорқаси бор, экин экиш учун шароити бўла туриб, аҳволи яхши бўлмаган қишлоқлардаги турмушни четдан ҳеч ким келиб ўзгартиролмайди.

Гулруҳ Мўминова.