Сталиннинг қатл рўйхатида 1-категорияга тиркаб қўйилган зиёли ҳақида биласизми?

Мўмин Хўжаев 1898 йил Хўжанд шаҳридаги Оғлихон маҳалласида дунёга келган. Отаси Сулаймонхўжа Хўжанднинг давлатманд инсонларидан бири бўлган.

Мўминхўжа аввал Хўжанддаги эски мактабда таълим олди. 1912 йил отаси уни шаҳардаги рус-тузем мактабига олиб боради. У тўрт йиллик таълим даврида рус тили билан бирга дунёвий илмларни ҳам ўзлаштирди. Сўнг жадид тараққийпарварларининг сафига кириб, Хўжандда очилган янги усул мактабида муаллимлик билан шуғуллана бошлайди.

Мўмин 1918 йилнинг бошида аввал Тошкентга, сўнг Самарқанд шаҳрига келиб ўқитувчилар курсида таълим олади. 1920 йил бошларида Хўжанд уезди халқ таълими бўлимига ташкилотчи бўлиб ишга кириб, кўп ўтмай мудир лавозимига тайинланади. 1921 йил бошларида ўзининг ақли заковати, раҳбарлик салоҳияти туфайли партия ишига тортилади ва Хўжанд тумани партия қўмитасининг ташвиқот бўлими мудири бўлади. Сўнг Фарғона музофотига йўлланади. 1924 йилнинг иккинчи ярмидан 1925 йил бошларигача «Зарафшон» газетаси муҳаррири сифатида фаолият кўрсатади.
Мўмин Хўжаев Ўзбекистоннинг ташкил этилиши жараёнида фаол иштирок этган. 1926-27 йиллар ЎзССР Маориф халқ комиссари лавозимидаги даври ўта самарали кечади. Унинг “Зарафшон” газетасида “Хотин қизларни оммавий ва маданий ишларга жалб этайлик”, “Яқин вазифаларимиз” мақолалари жамиятда хотин-қизлар ўрни ва муаллимларнинг обрўси, улар халқнинг илғор қисми бўлиши зарурлигини таъкидлайди.

Мўмин Хўжа мақолаларида бутун вилоят ва туман маориф шўъбалари ва маориф комиссарлигининг марказлаштирилган муассасалари, ўқитувчилар, қироатхона ва кутубхона нозирларига мурожаат қилиб, фарзандларимизни илмли қилиш учун фидойилик кўрсатишга чақиради. Шунингдек, маданият ва санъатни ривожлантириш йўлида санъатшунослар, санъаткор, драматург, актёрларга ўзи бош бўлиб, жонбозлик кўрсатади. Бу ҳақда Чўлпон ўз мақоласида “...Давлат базм-чолғу (концерт) тўдаси” ташкил қилинмоқчи бўлиниб, бу ишни ашулачимиз Муҳиддин қори Ёқубийга топширилганини газеталарда ўқуб эдик. У тўғрида Маориф комиссари Мўмин Хўжанинг махсус мақоласини ўқигач, у ишга мазкур комиссарлик томонидан қандай жиддий аҳамият берилганини ҳам ўрганган эдик. Маориф комиссарлигимиз сўнгги вақтларда илм-маданият ишларининг бошқа хиллари қаторида ингичка санъатларга ҳам жиддий аҳамият бера бошладиким, буни кўргач севинмай ва уни олқишламай тура олмаймиз”, деб ёзади.

Мўмин Хўжа фаолиятига оид, аниқроғи, унинг ташаббуси ортидан эришилган муҳим тадбир, бу Самарқанддаги педагогика академияси – олий таълим тарбия институтининг очилишидир. Шу муносабат билан ёзган мақоласида у “...Бизда ҳозир 60 лаб ўрта махсус инпрос ва техникумлар мавжуд. Лекин буларни ўқиб битириб чиққан талабаларимиз учун юқори мактаб олий институтлар йўқлигидан зорланиб ишларига киришарди. Баъзи бирлари Москов, Ленинград, Боку каби чет шаҳарларга кетсалар-да кўплари кундалик эҳтиёжларига банди бўлиб қолаверар эдилар.

...Институт тўрт йиллик бўлиб, ўзининг оёқ қадами-ла оғир масъулиятлик вазифаларга бақоли қадамини қўйғусидир. Биз дадил олқишли қадамлар билан зўр муваффақиятга эришиб, олий таълим-тарбия институтини очдик. Уни яшатиш, гуллатиш, ижтимоий ҳаётни қуришга бел боғлаб ошиқиниб турган жиддий ўқувчиларимизга боғлиқ. Институт чиндан-да ёш жумҳуриятимизнинг ишонган маданий илмий фронтда қаҳрамонлар етиштирадиргон умид ижтимоий ҳаёт уйи бўлсин!”, дейди.

Мўмин Хўжаев 1932-1937 йилларда Ўзбекистон Таъминот халқ комиссари, “Ўзбексавдо” уюшмаси директори, “Ўзбексавдо ишлаб чиқариш” директори лавозимларида меҳнат қилади.
1937 йил 11 июл куни Мўмин Хўжаев аксилинқилобий “Миллий иттиҳод”, “Миллий истиқлол”, “Иттиҳоди Шарқ” ташкилотларининг аъзоси, босмачиларга ёрдам берган деб қамоққа олинади. Аслида Мўмин Хўжаев Сталиннинг қатл рўйхатида аллақачон 1-категорияга тиркаб қўйилган эди.
Мўмин Хўжаев ишида на бир сўроқ баённомаси, на юзлаштириш бор. Фақат ишнинг сўнггида 1937 йил 2 декабрь куни машъум “учлик” (“Тройка”) томонидан унинг отувга ҳукм этилгани кўрсатилган. 1937 йил 21 декабрда ҳукм ижро этилган.

Баҳром Ирзаев,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.