Судларнинг молиявий мустақиллиги одил судловнинг муҳим кафолати саналади
Судлар фаолиятини молиялаштиришнинг алоҳида қонун билан тартибга солиниши, аввало, одил судловнинг институционал мустақиллигини таъминлаш ҳамда судлар учун барқарор молиявий шароит яратишга қаратилган муҳим ҳуқуқий қадамдир.
Ҳар қандай демократик ва ҳуқуқий давлатда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда адолатни қарор топтиришда суд ҳокимияти алоҳида ўрин тутади. Зеро, мустақил суд ҳокимиятисиз қонун устуворлиги ва ҳуқуқий давлатни тасаввур этиб бўлмайди.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари, мулк дахлсизлиги, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари ҳимояси, давлат органлари қарорлари устидан самарали суд назорати кўп жиҳатдан суднинг мустақил фаолият юритишига боғлиқ. Бунда судьянинг ташқи таъсир ва босимлардан холи бўлиши билан бир қаторда, суд ҳокимиятининг молиявий мустақиллиги ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Чунки суд бинолари, замонавий ахборот технологиялари, электрон судлов инфратузилмаси, судьялар ва суд аппарати ходимларининг муносиб моддий таъминоти одил судловни самарали амалга оширишнинг зарур шартларидир. Етарли молиявий ресурслар бўлмаса, ҳатто мукаммал процессуал нормалар ҳам амалиётда кутилган натижани бермаслиги мумкин.
Шу маънода, судларни молиялаштириш масаласи оддий бюджет харажатлари эмас, балки суд ҳокимияти мустақиллиги, инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимояси ва фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини таъминлаш билан бевосита боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 140-моддасига мувофиқ, судлар фаолиятини молиялаштириш фақат Давлат бюджетидан амалга оширилади ва одил судловни тўлиқ ҳамда мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак.
Бу борада 2026 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ-1177-сонли «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисида»ги Қонун алоҳида аҳамиятга эга. 14 моддадан иборат мазкур Қонун судлар фаолиятини молиялаштириш принциплари, манбалари, бюджет жараёни, маблағларни тақсимлаш ва тасарруф этиш тартибини белгилайди.
Қонуннинг асосий мақсади суд ҳокимияти органларининг мустақил фаолият юритиши учун зарур молиявий ва ташкилий шарт-шароитларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашдан иборат.
Молиялаштиришнинг асосий принциплари
Қонуннинг 3-моддасида суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштиришнинг асосий принциплари белгиланган. Булар — қонунийлик, очиқлик, шаффофлик, одил судловни таъминлаш учун молиявий ресурсларнинг етарлилиги ва судлар фаолиятининг молиявий мустақиллигидир.
Қонуннинг 4-моддасига кўра, судлар фаолияти фақат Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади. Навбатдаги йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунда Конституциявий суд, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши фаолияти учун зарур маблағлар назарда тутилади.
Бунда молиялаштириш одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши лозим.
Судларнинг молиявий таъминоти фақат судьялар ва ходимларнинг иш ҳақи билан чекланмайди. Суд бинолари, мажлис заллари, ҳужжатларни сақлаш жойлари, электрон ҳужжат айланиши, видеоконференцалоқа, ахборот тизимлари, хавфсизлик ва транспорт таъминоти ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Айниқса, замонавий рақамли технологияларни жорий этиш суд ишларини тезкор ва қулай кўриш, фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан, янги Қонун билан «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 90-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Унда судлар фаолиятини молиялаштириш тартиби алоҳида қонун билан белгиланиши, шунингдек, ҳар бир суд алоҳида бино, қўриқлаш ва автотранспорт билан таъминланиши назарда тутилган.
Ушбу талабларни амалга оширишда судларнинг ҳудудий жойлашуви, иш ҳажми, мавжуд инфратузилмаси ва реал эҳтиёжларини ҳисобга олиш муҳимдир. Суд бинолари нафақат мавжуд бўлиши, балки хавфсиз, фойдаланишга қулай ва замонавий талабларга жавоб бериши керак.
Жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шароитлар яратилиши, ахборот технологиялари ва энергия самарадорлигига ҳам эътибор қаратилиши лозим.
Судьялар ва суд ходимларининг моддий таъминоти
Судьянинг мустақиллиги унинг фақат процессуал-ҳуқуқий мақоми билан эмас, балки касбий фаолияти учун зарур моддий ва ижтимоий кафолатлар билан ҳам белгиланади.
Қонуннинг 5-моддасида судлар фаолиятини молиялаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари мустаҳкамланган. Унга кўра, Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда судьялар ва суд аппарати ходимларининг иш ҳақи, рағбатлантирувчи тўловлар, судларнинг моддий-техника таъминоти, шунингдек, судьялар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари инобатга олиниши керак.
Қонунчиликка мувофиқ, судьялар ва суд аппарати ходимларига пул мукофотлари ҳамда бир марталик моддий ёрдам учун маблағлар ажратилади.
Шунингдек, судлар фаолиятини таъминлаш учун навбатдаги молия йилида ажратиладиган маблағлар, қоида тариқасида, ўтган молия йилидаги маблағлардан кам бўлмаслиги белгиланган. Давлат бюджети даромадлари прогнозининг ижросидан келиб чиқиб, судлар фаолиятини молиялаштириш харажатларини камайтиришга йўл қўйилмайди.
Судьялар ва суд аппарати ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
Мазкур нормалар судьялар ва суд ходимларининг ўз касбий вазифаларини барқарор ҳамда самарали бажариши учун зарур моддий шароитларни яратишга қаратилган.
Бюджет маблағларини шакллантириш ва тақсимлаш тартиби
Қонуннинг 6-моддасида судлар фаолиятини молиялаштириш бўйича бюджет сўровларини тайёрлаш тартиби белгиланган. Унга мувофиқ, тегишли бюджет сўровлари Конституциявий суд, Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан тайёрланади.
Агар бюджет сўровлари бўйича келишмовчиликлар юзага келса, Ҳукумат томонидан бюджет лойиҳасига Конституциявий суд, Олий суд ва Судьялар олий кенгашининг таклифлари илова қилинади.
Бюджет лойиҳасини шакллантиришда одил судлов учун зарур шарт-шароитлар яратиш, судьялар ва суд аппарати ходимларининг моддий таъминоти, Департамент фаолияти, судьялар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, судьялар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда судларни зарур ресурслар билан таъминлаш харажатлари ҳисобга олиниши лозим.
Қонуннинг 7-моддасида эса судлар ва тегишли органларнинг бюджет лойиҳаси муҳокамасида иштирок этиши назарда тутилган. Хусусан, Олий Мажлис палаталаридаги муҳокамаларга Конституциявий суд, Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Департамент вакиллари таклиф этилиши мумкин.
Қонуннинг 8-моддаси судлар фаолияти учун ажратилган маблағларни тақсимлаш тартибини белгилайди. Унга кўра:
Конституциявий суд учун ажратилган маблағларни Конституциявий суднинг ўзи;
Олий суд учун ажратилган маблағларни Олий суднинг ўзи;
Судьялар олий кенгаши учун ажратилган маблағларни мазкур Кенгашнинг ўзи;
ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман ва шаҳар судлари учун ажратилган маблағларни Департамент тақсимлайди.
Маблағларни тегишли даража ва йўналишлар бўйича тақсимлаш тартиби Конституциявий суд мажлисида, Олий суд Пленумида ва Судьялар олий кенгаши мажлисида тасдиқланади.
Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, судлар фаолияти учун ажратилган маблағлар Конституциявий суд, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши томонидан қонунчиликка мувофиқ мустақил равишда тасарруф этилади.
Хулоса
Одил судловнинг молиявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, қонун устуворлигини қарор топтириш ва инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим шартларидан биридир.
Шу боис судларнинг молиявий мустақиллигини кафолатлаш давлатнинг конституциявий-ҳуқуқий сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, янги Қонун суд тизимини молиялаштиришнинг аниқ ва самарали механизмларини жорий этиш, бюджет маблағларидан мақсадли ҳамда шаффоф фойдаланиш, судларнинг молиявий эҳтиёжларини ўз вақтида қондириш орқали суд ҳокимиятининг мустақиллигини амалда таъминлашга хизмат қилади.
Энг муҳими, суднинг молиявий мустақиллиги шунчаки иқтисодий масала эмас, балки фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ҳамда одил судловга бўлган ишончини таъминловчи муҳим кафолатдир.
Ш. Рўзиназаров,
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Конституциявий қонунчиликни таҳлил қилиш бўлими бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор.