Таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди
Самарқанд вилоятидаги 1260 дан ортиқ умумтаълим мактабларида ҳам “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида “Билимлар куни” тадбирлари ўтказилди.
Самарқанд шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этиб, ўқитувчи ва ўқувчиларни Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги ва янги ўқув йили бошланиши билан табриклади.
– Ўтган йил пандемия сабабли ўқув йилини онлайн тарзда бошлашга тўғри келганди, - деди Э.Турдимов. – Вакцинация жараёнлари, касаллик кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар туфайли бу йил ўқув йилини анъанавий тарзда бошлаяпмиз. Лекин барибир карантин қоидаларига қатъий риоя этиш, аввало ўз соғлиғимизга бефарқ бўлмаслигимиз керак. Ўқитувчилар ва ота-оналар, ўқувчилар буни унутмасликлари лозим.
Вилоят ҳокими ўқувчиларни яратилган шароитлардан самарали фойдаланилиб, фанларни пухта ўзлаштиришга, Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб етишишга даъват этди.
Вилоят ҳокими ўринбосалари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, сектор раҳбарлари ҳам мактабларда ўтказилган тадбирларда иштирок этиб, “Мустақиллик дарси”ни ўтди.