“Темир дафтар”даги оилага 16,5 миллион сўм моддий ёрдам берилди
Самарқанд шаҳридаги Истиқбол маҳалласида “Темир дафтар”да рўйхатда турган оила бекаси У.Умарова яшаб турган уй-жойи яроқсиз ҳолга келиб қолгани, аммо уни таъмирлаш учун маблағи йўқлигини билдириб, ҳокимликдан ёрдам сўраган.
Ушбу мурожаат белгиланган тартибда ўрганилгач, фуқаронинг масаласи ижобий ҳал этиладиган бўлди. Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгашининг қарорига асосан, У.Умаровага хонадонини таъмирлаш учун “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд шаҳар бўлинмаси қошидаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 16,5 миллион сўм маблағ ажратилди.
Умуман, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида фонд қошида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисоб рақамларига жорий йилнинг 8 ойи давомида 25,7 миллиард сўмдан ортиқ ҳомийлик маблағлари келиб тушган. Ушбу маблағлар ҳисобидан халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашлари қарорларига асосан вилоятдаги 2856 та эҳтиёжманд оилага 2,2 миллиард сўмлик, “Темир дафтар”да турган 5383 та оила вакиллари бандлигини таъминлаш, соғлигини тиклаш ва уй-жойини таъмирлаш учун 16,4 миллиард сўмлик, “Аёллар дафтари”га киритилган 1086 нафар хотин-қизларга 766,5 миллион сўмлик моддий ёрдам берилган.
Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги маҳаллаларда яшовчи, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган оилаларнинг 1000 нафар фарзандларига мактаб формаси олиб бериш учун 550 миллион сўм маблағлар йўналтирилди, дея хабар бермоқда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими ахборот хизмати.