Толибон аёллар ҳуқуқларини тобора чекламоқда
Олдинроқ Афғонистонни назорат қилувчи Толибон ҳаракати аёлларга университетларда ўқишни тақиқлаганди.
Толибон кучлари университетлар яқинида қуролли патрул ўрнатиб, талаба қизларнинг ўқишга келишига тўсқинлик қилмоқда, дея хабар бермоқда “Associated Press”. Ижтимоий тармоқларда йиғлаётган талабалар бир-бирлари билан хайрлашаётгани акс этган видеолар пайдо бўлди.
Кобул университети талабаси Сетара Фараҳманд:
"Толибон аёлларни бутунлай эзишга ҳаракат қилмоқда. Улар аёлларнинг мамлакат тараққиётида иштирок этиши ва эркаклар билан бирга ишлашини истамайди. Аёллар фақат уйда ўтириши, фарзанд кўришини маъқуллашади, биз бошқа нимадир қилишимизни хоҳламайди улар".
Бир нечта эркак профессорлар норозилик сифатида ишдан бўшашди ва кўплаб йигит талабалар дарсдан чиқиб кетишди.
Бундан ташқари, чоршанба куни Толибон ўқитувчилар ва бошланғич синф ўқувчиларини мактабларга киритмасликни буюргани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ваҳоланки, 2021 йил август ойида ҳукумат тепасига келган Толибон мўътадил ёндашишга, аёллар ва озчилик ҳуқуқларини таъминлашга ваъда берган эди. Бироқ кейинчалик улар бирин-кетин тақиқлар жорий қила бошлади.
Аввалига Толибон аёлларга телебошловчи сифатида ишлашни давом эттиришга рухсат берган, ҳатто улар давлат бошқаруви органларига киритилишини истисно қилмаган бўлса-да, 2021 йил сентябрь ойидаёқ Хотин-қизлар ишлари вазирлигини тугатилди. Шунингдек, қизлар ўқиши, аёлларга жамоат жойларида спорт билан шуғулланишини тақиқланди. Ортидан аёлларга эркаклар ҳамроҳлигисиз саёҳат қилиш тақиқланди. Аёллар кўплаб касблар билан шуғулланиш имкониятидан маҳрум бўлишди, дейилади агентлик ахборотида
Таҳлилчиларнинг қайд этишича, Толибон қарорлари уларни халқаро миқёсда тан олиш имкониятини йўқ қилмоқда.
Қолаверса, БМТ экспертлари Толибоннинг Афғонистонда аёллар ҳуқуқларига муносабати инсониятга қарши жиноятга тенглашиши мумкинлигини айтган эди.
Г.Холдорова тайёрлади.