Ургутдан Университет хиёбонигача замонавий автобуслар қатнайди
15 январь куни телеграм каналимизда «Замонавий автобуслар туман йўналишларида ҳам қатнайдими?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Ушбу мақола юзасидан вилоят транспорт бошқармаси муносабат билдирди. Унда шундай дейилади:
“Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш борасида сезиларли даражада натижаларга эришилди. Шаҳар жамоат транспортини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида транспорт бош режаси ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилганлиги, унда белгиланган йўналишларга замонавий талабларга жавоб бера оладиган автобуслар жойлаштирилганлигини қайд этиш лозим.
Мазкур транспорт бош режасида Самарқанд шаҳрини Ургут тумани билан боғловчи М-6-рақамли «Ургут - Университет хиёбони» автобус йўналиши очиш режалаштирилган. Ушбу йўналишда ҳам янги автобуслар ҳаракати йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Ҳозирда туманларни вилоят маркази билан боғловчи йўналишларда «Isuzu» русумли автобус ва турли микроавтобуслар аҳоли хизматида эканлигини қайд этиш лозим. Жумладан, Самарқанд шаҳрини Булунғур, Жомбой, Ургут, Паст Дарғом, Нуробод, Каттақўрғон, Қўшработ, Пайариқ туманлари билан боғловчи йўналишларда автобуслар ҳаракати йўлга қўйилган.
Вилоят транспорт бошқармаси томонидан узоқ ва чекка ҳудудларда автобуслар ҳаракатини ташкил этиш ҳамда мавжудларидаги ҳаракат таркибини янгилаш борасида тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда янги автобуслар харид қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, вилоят миқёсида мавжуд бўлган йўналишли такси йўналишларидаги “Дамас” русумли транспорт воситаларини босқичма-босқич микроавтобусларга алмаштириб бориш режалаштирилган”.