Ургутда янги давр бошланди
Давлатимиз раҳбарининг 25 ноябрь куни вилоятимизга ташрифи давомида Ургутда бўлиб, туманни янада ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш учун бир қатор муҳим ташаббусларни билдирганини ургутликлар шундай эътироф этмоқда.
Ҳудуд ривожи, аҳоли фаровонлигини кўзлаб
Ургут республикамиз туманлари ичида аҳолиси энг кўп – 600 мингдан ортиқ одам истиқомат қилаётган ҳудуд ҳисобланади. Айни пайтда аҳолининг иқтисодий фаол қатлами 207 минг нафарни ташкил этади ва уларнинг 197 минг нафари фойдали меҳнат билан банд.
Жорий йилнинг тўққиз ойида туманда 29 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиб, ишсизлик даражаси 4,7 фоизга тушган. Йил бошида 11597 (9,1 фоиз) камбағал оила реестрга киритилиб, 1 ноябрь ҳолатига уларнинг 4570 таси камбағалликдан чиқарилган.

Туманда ўтказилган йиғилишда Президентимиз барча имкониятларни сафарбар қилиб, келаси йил камбағаллик ва ишсизликни 2 фоиздан тушириш кераклигини таъкидлади.
2017 йилда “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ташкил қилиниши натижасида шу пайтгача 860 миллион долларлик 74 та лойиҳа амалга оширилди ва Ургут саноатлашган ҳудудга айланди. Бугунги кунда туман вилоят саноатида учинчи ўринда, сервисда тўртинчи ўринда туради.
у йил Самарқанд шаҳридан Ургут туманига 55 километр масофага темир йўл тармоғи қурилди ва йилига 359 минг йўловчи ҳамда 8,2 миллион тонна юк ташиш имконияти яратилди. Президент Шавкат Мирзиёев бу гал Ургутга ана шу янги темир йўл орқали поездда келди.
Вокзалда туман жамоатчилиги вакиллари билан учрашувда, шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида давлатимиз раҳбари Ургутни янада ривожлантириш, тадбиркорлик учун имкониятларни кенгайтириш ва аҳоли учун замон талабларига мос турмуш шароитлари яратиш юзасидан вазифаларни белгилаб берди.

Жумладан, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун 2026 йилда туманга 260 миллиард сўм ажратилиши айтилди. Мисол учун, Тинчлик маҳалласи ҳудудидан логистика маркази қуриш учун 5 гектар жой ажратилиб, 5 миллиард сўмлик инфратузилма қилиб берилади ва 100 га яқин дўкон, ошхона ва сервис объектлари қурилади.
Шунингдек, 8 маҳалла инфратузилмаси учун Ислом тараққиёт банкидан 10 миллион доллар жалб қилинади. Тожикистон билан чегарадош 15 маҳаллада меҳмон уйи ва дам олиш маскани қуришга 10 миллиард сўм ресурс йўналтирилади.

Туман марказидаги 1,5 километрли Навоийшоҳ кўчаси туну кун ишлайдиган масканга айлантирилади. Бу ерда 60 та савдо-сервис объекти ташкил этилиб, 500 та иш ўрни яратилади.
2 минг гектар ғалла ва 3,5 минг гектар тамаки ер майдонлари мева-сабзавот экишга ўтказилади. Янги ўзлаштирилаётган 5,5 минг гектар ерда юқори даромад берадиган экспортбоп маҳсулотлар етиштирилади. 500 гектар тоғолди ва яйлов ҳудудларда саноатлашган узумзор ташкил этилиб, аҳолига бўлиб берилади. Ушбу ерларга сув олиб чиқиш мақсадида артизиан қудуғи қазиш, 15-20 киловаттли қуёш панели ўрнатиш харажатлари учун 30 миллиард сўм арзон ресурс берилади. Туманда мавжуд яйловлардан самарали фойдаланиб, қўшимча равишда 40 минг бош қўй-эчки боқиш йўлга қўйилади.
Ургутликларнинг кайфияти аъло
– Давлатимиз раҳбари ҳар гал учрашганимизда “Ургутликларнинг кайфияти қандай?” деб сўрайдилар, – дейди “Нуроний” жамғармаси Ургут тумани бўлими раиси Фармон Азизов. – Ургут бугун шунчалик ўзгариб, ислоҳотлар марказига айланганки, бундан халқимиз жуда хурсанд, кайфияти аъло даражада. Айниқса, Президентимизнинг туманимизга бу галги ташрифларидан сўнг одамларда янги куч-ғайрат, жўшқинлик пайдо бўлди. 25 ноябрь куни давлатимиз раҳбари Ургутга янги темир йўлда, поезд билан келдилар. Йўл давомида кейинги йилларда вилоятимизда, жумладан, Ургутда амалга оширилган ишлар ҳақида гапириб, бу ишлар кўлами янаям кенгайишини айтдилар. У кишининг ташаббуси билан бундан саккиз йил олдин “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг ташкил этилиши туманимизда тадбиркорлик, саноатни янада ривожлантиришга имконият яратди. Бугун 1,5 мингга яқин катта-кичик корхона фаолият кўрсатмоқда ва бу завод-фабрикаларда минглаб ургутликлар ишламоқда.
Бир пайтлар ишсизлик энг катта муаммо бўлган Ургутда бугун бекорчи одамни топиш қийин. Кўплаб тадбиркорларимиз ўз корхонасига қўшни туманлардан ишчиларни жалб қилмоқда. Камбағал оилалар камаймоқда. Иш ўрни, доимий даромад манбаи бўлганидан сўнг одамлар рўзғор тебратишга қийналмаяпти, орзу-ниятларига етяпти.
Президентимиз туманимиздаги йирик ишлаб чиқариш корхонасида ўтказилган йиғилишда Ургутда 100 минг кишилик янги шаҳарча қурилишини айтдилар, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун катта миқдорда маблағ ажратилиши саноатни, туризмни янада ривожлантириш учун тадбиркорларга кўплаб имтиёзлар бериладиган бўлди. Бу Юртбошимизнинг Ургутга ва ургутликларга бўлган жуда катта эътиборлари, ғамхўрликлари натижасидир.
“Янги Ўзбекистон” массиви ёнида янги шаҳарча қурилади
Ургутдаги йиғилиш чоғида давлатимиз раҳбари бугунги кунда туман марказидаги 24 та маҳаллада 100 мингга яқин аҳоли истиқомат қилиши, улар уй-жой, канализация, ичимлик суви, мактаб, боғча, шифохона, бизнес инфратузилмаси билан боғлиқ масалалар ечимини анчадан бери кутаётганини алоҳида таъкидлади. Ана шу жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда Ургут марказига “Янги Ўзбекистон” қиёфасини олиб кириб, юртимиздаги энг замонавий ва кўркам шаҳарлардан бирига айлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилингани айтилди.
– Бугунги кунда туманимизда 650 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади ва кейинги йилларда уларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида урбанизация, реновация дастурларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Ургут тумани ҳокими ўринбосари Соҳиб Худойбердиев. – Президентимизнинг Қуйи Камангарон маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” массивига туташ ҳудуддан 90 гектар ер ажратиб, замонавий урбанистика асосида 100 минг аҳолига мўлжалланган замонавий эко-шаҳар барпо этишга оид қарорлари бу борада туманимиз учун тарихий қарор бўлди. Мазкур ҳужжатга кўра, йўл, сув, канализация, электр, мактаб, боғча, шифохона ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, тадбиркорлик лойиҳалари учун 50 миллион доллар ажратилади. 3 гектар майдонда туман ҳокимлиги ва 35 та ташкилот учун ягона маъмурий марказ қурилади. Биз ушбу тарихий қарор қабул қилинган куннинг ўзида ишга киришиб, ҳудуднинг топографик съёмкаси, лойиҳа смета олди ҳужжатлари ва бош режани тайёрлашга киришдик. Бу шахсан вилоят ҳокимининг назоратида турибди ва ҳар куни кунлик ишлар юзасидан ҳисобот бериб боряпмиз.
Президентимиз янги шаҳарча қурилишида хориж тажрибасини ўрганиш ва керак бўлса, четдан мутахассисларни олиб келиб, лойиҳани замон талабларига мос, мукаммал ҳолда ишлаб чиқиш топшириғини бердилар. Ҳозирда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда бу борада иш олиб боряпмиз. Дастлабки режаларимизга кўра, янги шаҳарчада қурилиш ишлари 2026 йилда бошланади ва тўрт босқичда амалга оширилади. Насиб этса, икки-уч йилда замонавий қиёфадаги, кўркам шаҳарча пайдо бўлади.
Қайд этиш лозим, мазкур ҳудудда бугунги кунда 39,2 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” массиви бунёд этилмоқда. Бу ерда 58 та кўп қаватли уй, 4 та мактаб, 4 та боғча, поликлинка ва бошқа объектлар қурилмоқда.

Туман ҳокими ўринбосарининг айтишича, янги шаҳарча қурилиши ҳақидаги қарорни қурилиш-пудрат ташкилотлари ва уларнинг ишчилари ҳам жуда катта хурсандчилик билан қабул қилди. Улар “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиш ишлари якунланганидан сўнг тендер танловларида қатнашиб, янги шаҳарча қурилишида ҳам иштирок этиш ниятида.

Тадбиркорлар намуна бўлмоқчи
Президент ташрифи, айниқса, ургутлик тадбиркорларда ўзгача ғурур уйғотди, уларга ғайрат-шижоат бағишлади. Чунки Шавкат Мирзиёев 2016 йилда туманга келганида Ургутни саноат зонасига айлантириш ташаббусини илгари суриб, тадбиркорлар учун янада кенг имкониятлар яратилиши, имтиёзлар берилишини айтганди. Ўтган давр мобайнида бу мақсадлар амалга ошди, туман чинакам тадбиркорлар масканига айланди.
Мажидхон Исломов ҳам давлат раҳбари яратиб берган имкониятлар туфайли тадбиркорлик фаолиятни бошлаб, бугун “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги ўз брендини яратаётган корхоналардан бирининг раҳбарига айланган.
– Президентимизнинг Самарқандга ташрифлари гўёки Ургутга ташрифдек бўлди, – дейди “Ургут ИНИ текстиль” корхонаси раҳбари Мажидхон Исломов. – Йиғилиш давомида Ургут бўйича алоҳида вазифалар, топшириқлар берилди, вилоят ҳаёти билан боғлиқ масалаларда ҳам Ургут мисол келтирилди. Энг муҳими, тадбиркорликни ривожлантириш учун яна кўплаб имконият ва қулайликлар бўлиши, триллион-триллион сўм маблағ ажратилиши айтилди. Бу жуда катта гап ва биз ҳам бунга муносиб бўлиб, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишимиз, янги иш ўринлари очишимиз, ёшларни тадбиркорликка ўргатишимиз керак.
Давлатимиз раҳбари шунча имконият яратиб бериш билан бирга фаолиятимизда қандай муаммоларга дуч келаётганимиз билан қизиқдилар, таклиф сўрадилар. Мен ҳам биз тадбиркорларга бўлган эътиборлари учун миннатдорлик билдириш мақсадида сўз сўрагандим. У киши эса таклиф айтгин, дедилар ва ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ижтимоий дўконлар ташкил этиш ҳақида таклиф бердим. Чунки ўзимнинг ҳам бошимдан ўтган, янги иш бошлаган тадбиркор бозорда ўз ўрнига эга бўлиб, маҳсулотининг доимий харидорларини топишига анча вақт кетади. Шундай вазиятда ижтимоий дўконларнинг бўлиши ишлаб чиқарувчига маҳсулотини биринчи қўл сифатида харидорга арзон нархда таклиф этиб, харидор орттиришига катта ёрдам бўлади. Президентимиз бу таклифимни маъқулладилар ва ўша ернинг ўзида мутасаддиларга топшириқ бердилар. Насиб этса, буни Ургут тажрибаси сифатида кўрсатиб, бутун мамлакатимизга оммалаштирамиз.

Давлатимиз раҳбари 2016 йилда туманимизга келганларида Ургутни саноат зонаси қиламиз, дегандилар. Кейин бу ҳақда қарор қабул қилдилар ва бугун Ургутда 1000 дан ортиқ корхона ишлаб турибди. Бу галги ташрифлари ҳам вилоятимиз, жумладан, Ургутни янада тараққий эттириш учун янги имкониятлар эшигини очди. Самарқандни бошқа ҳудудларга намуна бўладиган методик вилоятга айлантирамиз, дедилар. Бу эзгу мақсадга эришиш учун биз, тадбиркорлар ҳам ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Хуллас, бугун каттаю кичик ургутликнинг сўзига қулоқ тутсангиз Президентнинг Ургутга келгани ва жуда катта бунёдкорлик ишлари бошлангани, йирик дастурларни амалга оширишга киришилганини айтади, ўзи ҳам бу жараённинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаётганини билдиради. Аслида, халқнинг ҳамжиҳатлиги, бирлиги ана шундай паллада намоён бўлади, улуғ ишлар шу тарзда бошланади.
Ғолиб ҲАСАНОВ,
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат).