Ургутнинг Ширвоқ ота маҳалласида янги кутубхона очилди
Муҳими, бу кутубхонани ташкил этишнинг ташаббускори - ёшлар.
Бу эзгу ишнинг бошида Ширвоқ ота маҳалласи ёшлар етакчиси Қосим Нафасов эканлигини эшитиб, қувондик. Мазкур ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ҳамда маҳалла аҳолисининг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
- Кутубхонанинг фаолияти йўлга қўйилишида маҳалламиз раиси Шариф Ҳамдамов, маҳалла фаоллари, шунингдек 50-мактаб жамоаси, хусусан, директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Расулберди Маматовнинг кўмаги катта бўлди, - дейди Қ.Нафасов.
Дарҳақиқат, уларнинг ҳамжиҳатлиги, маҳалла ва таълим масканлари ўртасидаги ҳамкорлик ушбу эзгу ташаббуснинг тезда амалга ошишига замин яратди.
Кеча ушбу кутубхонанинг мухтасаргина очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов, шоир Муҳаммадризо Абдураҳмонов, халқ таълими аълочиси Абдуназар Йўлдошев, маҳалла фаоллари, ўқитувчилар, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Иштирокчилар ёшларга маънавий озуқа берувчи, уларни фикрлашга ундовчи бундай масканларнинг аҳамиятини таъкидлаб, кутубхона келгусида маҳалланинг маданий ҳаётида муҳим ўрин эгаллашига ишонч билдирдилар.
Мазкур кутубхона ёшлар учун билим манбаи, маънавият ўчоғи, янги ғоялар туғилиб, истеъдодлар камол топадиган маконга айланиши шубҳасиз.