Электромобиллар йўлдан қувват олади

Кейинги йилларда электромобиллар бутун дунё бўйлаб тобора оммалашиб бормоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири — уларнинг экологик жиҳатдан тоза эканидир.

Электромобиллар ҳаракатланиш жараёнида ҳавога зарарли газлар чиқармайди, шу орқали атроф-муҳит ифлосланишини камайтиради. Шу билан бирга, электр энергиясида юрувчи транспорт воситаларини ишлатиш бензин ёки газ ёқилғисида ҳаракатланувчи автомобилларга нисбатан анча тежамкор ҳисобланади.

Бироқ электромобиллар кенг қўлланилиши йўлида бир қатор муаммолар мавжуд. Энг асосий камчиликлардан бири — аккумуляторларни зарядлаш инфратузилмасининг етарли даражада ривожланмаганидир. Зарядлаш станцияларини қуриш катта маблағ талаб қилади, аккумуляторни тўлиқ ёки ҳатто тезкор усулда зарядлаш ҳам анча вақт олади. Ҳозирги кунда энг замонавий тезкор зарядлаш технологиялари ҳам камида бир соат вақтни талаб қилади, бу эса узоқ масофага саёҳат қиладиган ҳайдовчилар учун қўшимча қийинчилик туғдиради.

Айнан шу муаммоларни ҳал этиш мақсадида Янги Зеландиянинг Окленд университети олимлари инновацион ва нисбатан арзон ечимни таклиф қилмоқда. Улар ишлаб чиққан махсус модул ёрдамида электромобиллар ҳаракат вақтидаёқ заряд олиш имконига эга бўлади. Технологиянинг моҳияти шундаки, автомобиль йўлда ҳаракатланар экан, ғилдираклар билан йўл юзаси ўртасидаги ишқаланиш натижасида электр энергияси ҳосил бўлади ва ушбу энергия тўғридан-тўғри аккумуляторга узатилади.

Яна бир эътиборли жиҳати — заряд учун тўлов тизимининг автоматлаштирилганидир. Автомобиль қанча қувват олган бўлса, шу миқдордаги тўлов электрон тарзда автоматик равишда ҳисоб-китоб тизимига ўтказилади. Бу эса ҳайдовчилар учун қўшимча қулайлик яратади ва зарядлаш жараёнини янада самарали қилади.

Шу билан бирга, ушбу янгилик ҳозирча муайян муаммолардан холи эмас. Энг асосий камчилик — технологияни жорий этиш учун автомобиль йўлларини махсус қоплама билан қайта жиҳозлаш талаб этилади. Бу эса маълум вақт ва молиявий сарфларни талаб қилади. Аммо шунга қарамасдан, мазкур технология келажакда электромобиллар соҳасида катта бурилиш ясаши мумкин бўлган истиқболли ечим сифатида баҳоланмоқда.

Тоғаймурод Шомуродов тайёрлади.