Сувни тежашнинг самарали усули - замонавий технология

Бугун дунё миқёсида сув ресурсларининг камайиб бораётгани, иқлим ўзгаришлари ва аҳоли сонининг тез суръатларда ортиши сувдан оқилона фойдаланиш масаласини ниҳоятда долзарб қилиб қўймоқда. Айниқса, чучук сув захиралари чекланган ҳудудларда сув танқислиги ижтимоий-иқтисодий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Сўнгги йилларда сув ресурсларидан самарасиз фойдаланиш, эскирган суғориш тизимлари ва сувни тежаш маданиятининг етарли даражада шаклланмаганлиги оқибатида сув исрофи кучаймоқда. Бу нафақат бугунги кун, балки келажак авлодлар ҳаёти учун жиддий хавф туғдиради. Шу сабабли сув ресурсларини тежаш, уларни муҳофаза қилиш ва оқилона бошқариш ҳар бир давлат ва жамият олдида турган устувор вазифалардан бирига айланди.

Ваҳоланки, сув ресурсларини тежаш масаласи нафақат экологик, балки ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга. Аҳоли сонининг ўсиши, иқлим ўзгаришлари, қурғоқчилик ҳолатларининг кўпайиши ва сувдан самарасиз фойдаланиш келажакда чучук сув танқислиги хавфини янада кучайтиради.

Сув инсон саломатлиги, қишлоқ хўжалиги, саноат ва кундалик турмуш учун жуда зарур ресурс. Айниқса, қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш ҳажми катта бўлиб, суғориш тизимларидаги йўқотишлар умумий сув сарфининг сезиларли қисмини ташкил этади. Анъанавий суғориш усулларида сувнинг катта қисми буғланиб кетиши ёки тупроққа сингиб, самарасиз сарфланиши кузатилади. Бу эса сув ресурсларига бўлган босимни янада оширади.

Шундай экан, сув ресурсларини тежашнинг энг самарали усули замонавий технологияларни жорий этишдир. Томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб суғориш каби инновацион усуллар сув сарфини бир неча баробар камайтиради. Ушбу технологиялар орқали нафақат сув тежалади, балки ҳосилдорлик ошади, тупроқ унумдорлиги сақланиб қолади.

Аҳолининг сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Кундалик ҳаётда сувни беҳуда сарфлаш ҳолатлари кўп учрайди. Масалан, очиқ қолдирилган жумраклар, носоз қувурлари, ортиқча сув билан ювиш ишлари катта ҳажмдаги сувнинг исроф бўлишига олиб келади. Бу ҳолатда аҳоли ўртасида тежамкор одатларни шакллантириш орқали ҳам сезиларли натижаларга эришиш мумкин.

Саноат корхоналарида сувни қайта ишлатиш, ёпиқ айланиш тизимларини жорий этиш сув ресурсларини муҳофаза қилишда муҳим рол ўйнайди. Технологик жараёнларда сувдан бир марталик эмас, балки қайта фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш экологик барқарорликни таъминлайди. Бу эса ишлаб чиқариш таннархининг пасайишига ҳам хизмат қилади. Шунингдек, сув ресурсларини тежашда ҳуқуқий ва институтционал чоралар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Сувдан фойдаланишни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш, сув ҳисобини аниқ юритиш, мониторинг ва назорат тизимларини кучайтириш орқали сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мумкин. Бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш, айниқса, ижобий самара беради.

Қурғоқчилик ва сув тақчиллиги келажакда озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Сувни тежаш бугунги кун эмас, балки келажак авлодлар тақдирига дахлдор масала сифатида қаралиши лозим. Бугун сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар муайян ижобий натижалар бермоқда. Хусусан, замонавий суғориш технологияларини жорий этиш натижасида қишлоқ хўжалигида сув сарфи камайиб, ҳосилдорлик ошаётганлиги кузатиляпти. Бу ҳолат сувни тежаш нафақат экологик, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали эканлигини тасдиқлайди.

Аҳоли ўртасида сувдан фойдаланиш маданиятини оширишга қаратилган тарғибот ишлари муҳим натижалар бермоқда. Сувни тежашга оид оддий қоидаларга амал қилиниши, масалан, носоз қувурларни ўз вақтида таъмирлаш, ортиқча сув сарфини камайтириш каби тадбирлар орқали катта ҳажмдаги сув йўқотилишининг олди олинмоқда. Бу эса сув ресурсларини муҳофаза қилишда ҳар бир фуқаронинг масъулияти муҳим эканини кўрсатади. Аммо айрим ҳудудларда сув таъминоти инфратузилмасининг эскиргани, сув ҳисобининг етарли даражада юритилмаслиги сув исрофини келтириб чиқаряпти. Бундан ташқари, сувни тежовчи технологияларни жорий этишда молиявий ва ташкилий тўсиқлар мавжудлиги жараённи секинлаштирмоқда.

Саноат ва хизматлар соҳасида сувни қайта ишлатиш тизимларининг етарли даражада ривожланмаганлиги муҳокама қилинадиган муҳим масалалардан. Ёпиқ сув айланиш тизимларини кенг жорий этиш орқали ишлаб чиқариш жараёнларида сув сарфини сезиларли даражада камайтириш мумкин. Бу борада давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурати мавжуд. Сув ресурсларини тежаш фақат технологик ечимлар билан чекланиб қолмаслиги керак. Ушбу жараён комплекс ёндашувни, яъни ҳуқуқий механизмлар, иқтисодий рағбатлантириш, таълим ва тарғибот ишларини уйғунлаштиришни талаб этади. Айниқса, ёшлар ўртасида экологик онгни шакллантириш сувни асраш бўйича узоқ муддатли натижаларга эришишда муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса қилиб айтганда, сув ресурсларини тежаш — бу давлат ёки мутасадди ташкилотларнинг вазифаси эмас, балки ҳар бир фуқаронинг бурчи. Сувни асраш орқали келажагимизни асраймиз.

Фаррух ҚОДИРОВ,

Шаҳрисабз давлат педагогика институти кафедра мудири, иқтисод фанлари доктори.