Қиш келди. Ургутда мавсум билан боғлиқ топшириқлар ижроси қай даражада бажарилди?

Давлатимиз раҳбари яқинда Ургутга ташрифи давомида масъулларга туман аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, фаровонлигини ошириш, муаммоларини изчил бартараф этиб боришга оид қатор топшириқлар берди. Ушбу вазифалар ижроси қандай таъминланмоқда?

Жумладан, ҳудудларни қиш кунларига тайёрлаш борасидаги амалий ишлардан аҳоли розими? Раҳбарлар мавсумни беталафот ўтказиш масъулиятини ҳис қиляптими?

Туман ҳокимлигида ўтказилган муҳокама йиғилишида масъуллардан ана шу саволларга аниқ жавоблар сўралди. Қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирлар, ижтимоий соҳа объектларининг узлуксиз фаолиятини таъминлаш, аҳолига кўрсатиладиган коммунал хизматлар сифатини ошириш ҳамда турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш масалалари батафси муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, туманда бугун аҳоли сони салкам 600 минг нафарни ташкил этади. Ҳудудда айни йўналишдаги муаммолар оз эмас. Демак, раҳбарлар масъулияти ҳам шунга яраша.

Шулар ҳисобга олинган ҳолда, кўмир, электр, газ таъминоти, шунингдек ижтимоий соҳа объектларининг мавсумга мунтазам тайёрланиши бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинган.

Жумладан, 2025–2026 йиллар мавсуми учун аҳолига ажратилиши белгиланган кўмир миқдори 62 907 тоннани ташкил этади. Фуқароларнинг буюртмалари “my.coal” платформаси орқали қабул қилинмоқда. Бугунги кунга қадар аҳолига 51 минг 255 тонна кўмир тарқатилиб, режа 81 фоизга ижро этилди.

Жарқишлоқ ва Бунёдкор маҳаллаларида “Ўзбеккўмир” АЖнинг кўмир омборхоналари фаолият юритмоқда. Ушбу омборлар орқали кўмир аҳолига имтиёзли нархларда етказиб бериляпти. “Жарқишлоқ” омбори Ғойибота, Чумчуқли, Қуйиқишлоқ, Жарқишлоқ, Муродқишлоқ, Мингтепа, Ишчан маҳаллаларига хизмат кўрсатади. “Бунёдкор” омбори эса Мирзақишлоқ, Бунёдкор, Бешбулоқ, Жўраптепа, Вағашти, Ўрта Вағашти, Янги Вағашти маҳаллаларига кўмир тарқатади. Қолган маҳаллалар аҳолисига кўмир “Зарафшон” омборидан жадвал асосида босқичма-босқич етказиб берилмоқда.

Ижтимоий соҳа объектларини мавсумга тайёрлаш мақсадида жами 11763 тонна кўмир ажратилиши белгиланган бўлиб, бу режа 100 фоизга бажарилди. Жумладан, мактабгача ва мактаб таълими бўлимига 9041 тонна, соғлиқни сақлаш объектларига 2186 тонна, маданият бўлимига 50 тонна, спорт бўлимига 25 тонна, олий таълим ва техникумларга 461 тонна. Барча муассасаларда мавсум учун йўналтирилган кўмир захира қилиб олинди.

Умумтаълим мактаблари ва МТТларни мавсумга тайёрлаш мақсадида жами 1,6 млрд. сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 10 та мактабнинг иситиш тизими бутунлай янгидан таъмирланди. Бундан ташқари, 90 та мактабга иситиш қозонлари ўрнатилди.

Туманда 1 та тиббиёт бирлашмаси, 2 та шифохона, 6 та оилавий поликлиника, 19 та ОШП, 33 та тез ёрдам шохобчаси фаолият кўрсатади. Куз-қиш мавсуми учун 642 миллион сўмлик таъмирлаш ишларига маблағ ажратилди. Унга мувофиқ, 20 та муассасанинг том қисми таъмирланади, 1 та қозонхона янгиланади, 13 та муассасанинг иссиқлик тизими реконструкция қилинади. Айни дамда шартномалар расмийлаштирилиб, ишларни бошлаш жараёни кетмоқда.

Ургутда 582,4 минг аҳоли электр энергияси билан “Ургут” ва “Деҳқонобод” электр тармоқлари корхонаси томонидан таъминланади. Йил давомида 65 та янги трансформатор ўрнатилди, 97,6 километр янги ҳаво тармоғи тортилди, 1429 та темир-бетон устун ўрнатилди, 124 та трансформатор ва 258 километр тармоқ таъмирланди, 354 километр тармоқ дарахт шохларидан тозаланди.

Айни дамга қадар 268 та объектга 7326,3 кВт қуёш панеллари ўрнатилди.

Туманда 6031 та хонадон ва 157 та улгуржи истеъмолчи табиий газ билан таъминланган (7,3 фоиз). Қолган аҳоли (92,7 фоиз) маиший газ баллонларидан фойдаланади. Жорий йилда 448 та янги газ баллони тарқатилди.

Ургутда 90 та кўп қаватли уй (3477 хонадон) мавжуд бўлиб, уларга “Бинокор Стар” ва “Афросиёб Мароқанд” сервис компаниялари хизмат кўрсатади. Уйлар электр, газ ва сув таъминотига тўлиқ уланган. Ҳар бир бино бўйича масъул ташкилотлар ва маҳалла раислари бириктирилган.

Бугун ҳам туманда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун барча йўналишларда зарур ишлар амалга оширилмоқда.