Ургутда инфратузилма, маҳалла фаолияти, таълим ва аҳоли мурожаатлари ўрганилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳсинжон Холмуҳаммедов Ургут туманида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Учрашувлар доирасида туман ҳудудидан оқиб ўтувчи “Айланма Дарғом” каналида жойлашган “Дарғом-1” насос станцияси кўздан кечирилди. Мазкур насос станцияси сув олувчи Ғиждувон канали орқали туманнинг Тўрткўл, Жарқишлоқ, Чумчуқли, Мўминобод, Мингтепа ва Булоқбоши маҳаллалари ҳамда қишлоқларини сув билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Депутат йирик инфратузилма объектининг ҳолати, ишлаш самарадорлиги ва лойиҳа ҳужжатлари билан яқиндан танишди. Масъулларга объектни янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирди.
Шундан сўнг М.Холмуҳаммедов “Ишбилармон аёл – 2026” кўрик-танлови доирасида амалга оширилаётган “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси асосида туманда фаолият юритаётган тадбиркор хотин-қизлар ишлари билан яқиндан танишди. Хусусан, “Нисбот” маҳалла фуқаролар йиғинида “Дания” навли малина етиштириш йўлга қўйилган. Ушбу лойиҳа доирасида 200 та хонадонга малина кўчатлари тарқатилган. Лойиҳа учун 100 миллион сўм субсидия ажратилиб, шундан 20 миллион сўмга иссиқхона барпо этилган, 80 миллион сўм эса кўчатлар харидига йўналтирилган.
Шу маҳаллада фаолият юритаётган оилавий тадбиркор Дилором Суюнова 4 сотих иссиқхонада лимон етиштириб, йилига 2 тонна ҳосил олмоқда. Бу эса оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва даромад манбаини кенгайтиришда яхши намуна ҳисобланади.
Боғишамол маҳалласидаги “Гулбаҳор” тикувчилик цехи ҳам диққат марказида бўлди. Ушбу цехда 40 нафар хотин-қиз доимий иш ўрни билан таъминланган бўлиб, бу маҳаллада бандликни ошириш ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш йўлидаги муҳим натижа сифатида эътироф этилди.
Ушбу маҳаллада амалга оширилаётган бошқа ишлар, маҳалла фаолияти ҳамда аҳоли билан ишлаш жараёнлари ҳам ўрганилди. Фуқароларнинг мурожаатлари жойида кўриб чиқилиб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди. Аҳолини рўйхатга олиш масалалари ҳам эътибор марказида бўлди.
16-мактабда туман депутатлари ва ходимлар билан ўтказилган учрашувда аҳолини қийнаётган масалалар, таклиф ва ғоялар муҳокама қилинди, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. Муаммоларни ечимга йўналтириш мақсадида масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Шунингдек, депутат тумандаги 1-сон мактабгача таълим муассасасига бориб, у ерда яратилган шарт-шароитлар, қулайликлар, овқатланиш рациони ва таомлар сифати ўрганилди. Туманнинг 142-сон умумтаълим мактабида ҳам бўлиб, таълим жараёни, ўқувчиларнинг билим савияси, ўқитиш тизими ва мавжуд шарт-шароитлар билан танишди.
Маҳмуджон Сағдуллаев.