Гўшт, тухум, балиқ, асалнинг истеъмол меъёри қанча? Бизда етарли маҳсулот ишлаб чиқариляптими?

Бугунги кунда вилоятда жами 1729 та чорвачилик фермер хўжалиги бор. Шундан, қорамолчиликда 752 та (137 минг бош), қўйчиликда 223 та (434,3 минг бош), йилқичиликда 4 та (8,5 минг бош), паррандачиликда 211 та (6,3 миллион бош), балиқчиликда 468 та, асаларичиликда 62 та, қуёнчиликда 19 та (9 минг бош) чорва ҳайвонлари ва паррандалар парваришланиб келинмоқда.

Вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Одилхон Бақоев 2025 йил якунлари ва 2026 йилги режаларга бағишланган матбуот анжуманида бу ҳақда маълумот берди.

Масъулнинг таъкидлашича, вилоятда қорамоллар, қўй-эчки, паррандалар бош сони кўпайган, гўшт ишлаб чиқариш 332,8 минг тоннага (102,2 фоиз), сут 1 миллион 468,3 минг тоннага (100,8 фоиз), тухум ишлаб чиқариш 1 миллиард 399,6 миллион донага (102,2 фоиз), балиқ етиштириш 20,5 минг тонна (99,5 фоизга), асал етиштириш 1,5 минг тонна (107,2 фоизга)га бажарилган.

-  Дастур бўйича чорвачиликни ривожлантириш йўналишида умумий қиймати 400 миллиард 897 миллион сўмлик 85 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Бугунги кунда 379 миллиард 803 миллион сўм ҳисобига 81 та лойиҳа амалга оширилиб, 587 нафар янги иш ўрни яратилди, - дейди О.Бақоев - Жумладан, йўналишлар кесимида оладиган бўлсак, қорамолчилик йўналишида умумий қиймати 93 миллиард 880 миллион сўм, мол бош сони 3 минг 971 бош бўлган 36 та лойиҳа ҳисобига 225 та янги иш ўрни яратилди. Қўй ва эчкичилик йўналишида умумий қиймати 24 миллиард 223 миллион сўм, қўй сони 7 минг 300 бош бўлган 7 та лойиҳа ҳисобига 30 та иш ўрни яратилди. 

Шунингдек, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, сут ва сут маҳслотларини қайта ишлаш, омухта ем ишлаб чиқариш йўналишларида амалга оширилган лойиҳалар натижасида маҳсулотлар кўпайиб, 330 дан зиёд иш ўрни яратилди. 

Келтирилган рақамлар барчаси жойидадек кўринади, лекин ушбу маҳсулотларнинг истеъмол меъёри қанча ва талабга етарли маҳсулот ишлаб чиқариляптими?

-  Вилоятимизда бир йилда 187 минг тонна гўштга талаб бор, бизда 225 минг тонна гўшт ишлаб чиқарилмоқда, - дейди О.Бақоев. – Яъни, гўштга бўлган талаб 124 фоизга бажарилмоқда. Ортган қисми бошқа вилоятларга сотилмоқда. Тухум бўйича 906 миллион донага талаб бор ва бизда 1,5 миллион дона тухум ишлаб чиқарилиб, истеъмол талаби 162 фоизга бажариляпти. Вилоят аҳолисининг балиқ маҳсулотига бўлган талаби қарийб 31 минг тоннани ташкил этади, лекин бизда 20 минг тонна (65 фоиз) ишлаб чиқарилмоқда. Бу турли объектив, субъектив сабаблар, сувга бўлган талаблар билан боғлиқ. Асал бўйича вилоятда 6500 тонна эҳтиёж бор, лекин бугунги кунда 3 минг тонна ишлаб чиқарилмоқда.

***

P/s: Гўшт эҳтиёжимиздан ортиқча ишлаб чиқарилаётган ва яна камига импорт қилинаётган бўлса, нега унда гўшт нархи доимий ошиб кетяпти?

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.