Вилоят архивида 1839 йилдаги хужжатлар ҳам сақланади
Бу ҳақда “Самарқанд вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси ва унинг тизимидаги вилоят, шаҳар ва туман архив муассасаларида 2023 йил давомида амалга оширилган ишлар” мавзусидаги матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Таъкидланганидек, вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси тизимида бугунги кунда 7 та давлат архиви ва 1 та филиал ҳамда 12 та шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари фаолият юритмоқда.
- Бошқа соҳалардаги каби архив муассасаларида ҳам замонавий ахборот технологиялар ёрдамида тез ва сифатли хизматлар кўрсатилишига эътибор қаратиляпти, - дейди вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи Адували Маманазаров. - 2023 йил давомида давлат архивлари томонидан “Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларни ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш” ахборот тизими e.archive.uz га жами 6320 та фонд, 8430 та рўйхат, 22 минг 779 та сақлов бирликлари, 21 минг 521 та ҳужжатлар киритилди.
Шунингдек, архивга мурожаат қилувчи фуқаролар учун ҳам қатор қулайликлар яратилган бўлиб, ўтган йилда Давлат хизматлари марказлари ва ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали 39 минг 974 та, почта ва электрон почта орқали 1981 та ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар келиб тушган бўлса, 810 нафар фуқаро бевосита архивларга мурожаат қилган.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди.