Хатарли касалликларнинг олдини олиш соғлом турмуш тарзига боғлиқ
Самарқанд шаҳрида вилоятда ОИВ инфекцияси, сил ва безгак касалликларининг тарқалишига қарши курашиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ташкилотлараро эксперт кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда бу касалликларга чалинган беморларни соғломлаштириш, унинг тарқалишига қарши олиб борилаётган ишлар юзасидан атрофлича фикр юритилди.
– Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида ушбу касалликларнинг ўз вақтида олдини олиш учун барча шароитлар бор, – дейди Ташкилотлараро эксперт кенгашининг лойиҳалаш бўйича координатори Дилноза Авазова. – Аммо бу ишларнинг самарали ташкил этилиши, энг аввало, одамларнинг онгига боғлиқ. Аҳоли бу касалликнинг келиб чиқиши, унинг оғир оқибатлари ҳақида маълумотга эга бўлсагина, унинг камайишига эришиш самарали кечади. Бунда соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш унинг олдини олиш билан тенг.
Тадбир давомида чет мамлакатларда бўлиб қайтган фуқаролар, хомиладорлар, никоҳланувчилар ўртасида учраётган ушбу хасталикнинг олдини олишдаги камчиликлар муҳокама қилиниб, вазифалар белгилаб олинди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов иштирок этди.
Б.ХОНКЕЛДИЕВ.