Ёш шахматчилар сектор раҳбари кубоги учун беллашди
Каттақўрғон шаҳар Ингичка шаҳарчасида Президентимиз илгари сурган 5 та муҳим ташаббусни ҳаётга тадбиқ этиш, ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасидаги қобилиятини намоён қилишларига имкон яратиш мақсадида шахмат “Сектор раҳбари кубоги” мусобақаси бўлиб ўтди.
Шаҳар ИИБ раҳбарлигидаги 3-сектор томонидан ташкил қилинган мусобақада Ингичка шаҳарчасидаги мактабларнинг 7-дан 11-синфгача бўлган ўқувчилар иштирок этди.
Мусобақада ғолибликни қўлган киритган Улуғбек Нарзуллаев,
Абдуғаффор Абдуғаниев, Машҳура Бобоназарова, Шоҳжаҳон Холмўминов, Маъруф Эшмаматов,
Руслан Мамасолиевларга сектор раҳбарининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.
***
Муай-тай
Самарқанд туманида 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар ўртасида муай-тай бўйича вилоят очиқ чемпионати ўтказилди.
Унда 200 нафарга яқин вилоятимиз ва хоразмлик спортчилар ўзаро баҳс олиб борди. Беллашув якунига кўра, умумжамоа ҳисобида вилоятимизнинг “Шаҳриёр” спорт клуби жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни “Чархин-1” жамоаси эгаллаган бўлса, учинчи ўрин пайариқликларга насиб этди.
***
Шахмат-шашка
Мамлакат бўйлаб "Спортни сев, спорт билан яша!" шиори остидаги оммавий спорт фестивали доирасида ҳамда “Январь - шахмат-шашка ойлиги” муносабати билан жойларда мусобақалар ўтказилмоқда.
Шундай мусобақалар Каттақўрғон, Нарпай, Қўшработ, Булунғур туманларида ҳаваскорлар ўртасида бўлиб ўтди. Мусобақада умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда аҳоли вакиллари, маҳалла фаоллари ақл баҳсида беллашди. Ақл беллашувида 300 нафарга яқин иштирокчи орасидан энг иқтидорлилари аниқланиб, тақдирланди.
Ҳусан Элтоев.