Ёшлар билан учрашув жонли мулоқот тарзида ўтди

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида аввалига Президенимизнинг 5 та муҳим ташаббусига доир кўргазма ташкил этилди. Сўнг умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва ўқитувчилар иштирокида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов билан “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бошланди.
С.Усмонов юртимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Илғор ёшларнинг эътиборини ўтган ўқув йилида айнан мактаб ўқувчилари иштирокида содир этилган ҳуқуқбузарликларга қаратиб, бу каби муаммоларнинг олдини олишда шахсий ибрат ва намуна бўлишга, тенгдошлари ўртасидаги камчиликларга қарши курашишда ташаббускорликка ундади. Ўқувчиларни қонунни ҳурмат қилиш, бўш вақтдан унумли фойдаланиш, яратилаётган имкониятларга муносиб бўлишга чақирди.
Ўқувчи ва ўқитувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар, таклиф ва ташаббуслар, муаммолар билан раҳбарга мурожаат қилишди.
Камол Ибрагимов:
— Самарқанд шаҳридаги 3-умумтаълим мактабининг ёшлар иттифоқи етакчисиман. Ўқувчиларнинг аксарияти работотехника йўналишига қизиқади. Мактабимизга шаҳар “Баркамол авлод” болалар мактаби узоқлиги учун уларнинг барчаси ушбу тўгаракка қатнай олмайди. Шу боис работотехника йўналиши бўйича мактабимизда тўгарак ташкил этишда амалий ёрдам беришингизни сўраймиз.
Дилноза Алимова, Самарқанд шаҳридаги 14-умуматаълим мактаби ўқувчиси:
— Ижодкорман, шеър ва ҳикоялар ёзаман. Аммо уни қайси нашрда эълон қилишни билмайман. Шу боис уларни нашр этишда тавсияларингиз керак.
Гулшода Ибодова:
— Самарқанд шаҳридаги 11-умумтаълим мактабида технология фанидан ўқувчиларга дарс бераман. Қизларимизга турли ҳунарларни ўргатишга алоҳида эътибор қаратаман. Муаммо шундаки, муассасамизда тикув машиналари йўқ.
Шунингдек, ўқувчилар умумтаълим мактабларида жорий этилаётган вариатив (ўзгарувчан) ўқув режалари, PISA Халқаро тадқиқотлари ҳақида бир қатор саволлар билан мурожаат қилишди. Жонли мулоқот тарзида ўтган учрашув давомида улар томонидан 20 та таклиф ва мурожаатлар бўлди. Уларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилиб, тушунчалар берилди.
Учрашув ниҳоясида энг яхши таклиф билдирган, ўқиши давомида ютуқларга эришиб, тенгдошларига намуна бўлиб келаётган бир гуруҳ ўқувчиларга китоблар совға қилинди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.