1-синфга онлайн қабулда муаммога дуч келяпсизми?
Вилоят бўйича Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида болаларни 1-синфга қабул жараёни онлайн шаклда амалга оширилмоқда. Аммо, айрим ота-оналар бу борада турли муаммоларга дуч келмоқда. Хўш, муаммога дуч келган ота-оналар нима қилиши керак?
Ушбу саволга вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш шуъбаси методисти Исомиддин Нусратов қуйидагича жавоб берди:
- Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида 2023-2024 ўқув йилида болаларни умумий ўрта таълим мактабларига қабул қилиш бўйича давлат хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ёки Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг электрон давлат хизматлари портали (my.maktab.uz) орқали ҳужжатлар топшириш йўлга қўйилган.
Ҳужжат топширишда муаммоларга учраётган ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар бу ҳақда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига, онлайн қабул бўлаётган шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимларига ҳамда мактабга мурожаат билан чиқиши керак. Онлайн ҳужжат топширишда яшаш манзилидан бири - маҳалла, кўча ёки уй рақами электрон базадан чиқмай қолса, шу вақтнинг ўзида аниқланган камчиликлар бўйича амалий ишлар олиб борилиб, базага киритиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, ҳужжат топширишда маҳалла номи, кўча номи ўзгарган бўлса ёки яшаб турган манзил бўйича эмас, бошқа манзил чиққан ҳолатлар кузатилса, ота-она ўз ҳудудидаги ИИБ базасидан маълумотини янгилаши ва ўзгартириш киритиши керак бўлади.