1-синфга қабул жараёнлари қандай амалга оширилади?
Умумий ўрта таълим мактабларига болаларни 1-синфга қабул жараёни Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг буйруғи асосида амалга оширилади.
- Вилоятда 2024-2025-ўқув йилида 86415 нафар бола 1-синфга қабул қилиниши бўйича бирламчи прогноз рўйхати шакллантирилган, - дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг шуъба раҳбари Низомиддин Одилов. - Шундан давлат умумий ўрта таълим мактабларига 84 804 нафар, бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги таълим муассасаларига 65 нафар, нодавлат таълим муассасаларига 1546 нафар мактаб ёшига етган болалар қабул қилинади.
Янги ўқув йилида 1-синфга қабул қилинадиган болалардан ўзбек синфларига 77632 нафар, рус синфларига 8123 нафар, тожик синфларига 660 нафар бола қабул қилиниши режалаштирилган.
Қайси ҳудудлар онлайн ҳужжат топширади?
Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида болаларни умумий ўрта таълим мактабларига қабул қилиш бўйича давлат хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ёки Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг электрон давлат хизматлари портали (my.maktab.uz) орқали онлайн шаклда ота-она ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан амалга оширилади.
Қабул жараёни қачонгача давом этади?
Қабул жараёни давлат хизматлари ва анъанавий шаклда бўлишидан қатъий назар болаларни мактабларга қабул қилиш муддати 20 июндан 1 августга қадар бириктирилган микроҳудуд доирасида, 1-15 августга қадар микроҳудуддан ташқари ҳудудлардан амалга оширилади.
“Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига болалар улар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади. Яъни, 2024-2025-ўқув йилида 2017 йилнинг 31 декабрь кунигача туғилганлар олинади.
Давлат хизмати жорий этилмаган туманлардаги умумий ўрта таълим мактабларига 1-синфга қабул жараёнлари умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарлари томонидан амалга оширилади (анъанавий шаклда) ҳамда мактабга қабул қилинган ўқувчилар вазирликнинг электрон тизими (adm.maktаb.uz)га мактаб раҳбарияти томонидан киритилади.
2024 йил 30 августига қадар 1-синфга қабул қилинган болалар учун 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари вазирликнинг электрон тизими (adm.maktab.uz)га киритилган болалар сонига мос равишда умумий ўрта таълим мактабларига етказиб берилади.