274 ходим интизомий жавобгарликка тортилди, тизимлар рақамлаштиришга ўтказилмоқда
Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида прокуратура ходимлари иштирокида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
- Вилоятда коррупциявий омилларни таҳлил қилиб бориш учун доимий ишловчи штаб ташкил этилган, - дейди вилоят прокуратураси бўлим прокурори Хуршид Мусурмонов. – Ушбу штаб орқали 88 та давлат идораларига ходимлар бириктирилган. Ҳар ойда битта соҳани коррупциявий ҳолатлар ҳамда уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларини ўрганиш бўйича режа-жадвал ишлаб чиқилиб, натижаси ҳудудий Кенгашда танқидий муҳокама қилиб келинмоқда.
Жумладан, ўтган даврда солиқ, бандлик, қурилиш, соғлиқни сақлаш, кадастр, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари ҳамда уларнинг қуйи тизимларида ўрганишлар ўтказилиб, 274 нафар ходимлар интизомий, 20 нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилган, 35 нафари ротация ва 63 нафари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Матбуот анжумани давомида коррупцион ҳолатлар кўп учрайдиган соҳа ҳамда тармоқлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича ижобий ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Хусусан, кўп қаватли уйларни бошқариш компаниялари учун “Шаффоф уй” дастури ишлаб чиқилиб, фуқароларга тўлаган маблағлар эвазига кўрсатилган хизматлар ва бажарилган ишларни кузатиш, овоз бериш, шикоятлар юбориш ва қўшимча хизматларга буюртма қилиш имкони яратилган. 29 нафар Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари фаолиятида коррупциянинг олдини олиш ҳамда ҳуқуқбузарликни жойида расмийлаштириш мақсадида планшетлар билан таъминланиб, “Е-маъмурий иш” дастурига интеграция қилинган.
Солиқ ходимлари 423 дона “Сайт–термопринтер” ускунаси ҳамда Самарқанд ва Оқдарё туманларидаги 46 нафар ходимлар бодикамералар билан таъминланган. Натижада, жорий йилнинг дастлабки 5 ойида жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи ўртача ойлик 63,5 млрд. сўмдан, ундирилган бўлса, рақамлаштиришдан сўнг кўрсаткичлар июнь ойининг ўзида 75 млрд. сўмни, октябрь ойига келиб 126,3 млрд сўмни ташкил этган.
Шунингдек, жамоат транспорти воситаларига GPS ўрнатилиб, “Wialon” дастурига уланди, суғориш тармоқларига 1 820 та “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилган, қурилишда муаллифлик назорати ўрнатишга қаратилган “Muallifnazorat” электрон дастури ишлаб чиқилган.