“28 йил олдин ўзингни олдириб ташламаган эканмиз...”

Бугун бир қишлоқдошим билан телефонда гаплашдим. Мендан 13 ёш кичик йигит. Аммо, жуда ақлли, жуда баракали йигит. Тадбиркорлик билан шуғулланади. Иймонли, саховатпеша бойлардан бўлиб кетган. Икки йил олдин қишлоғимизга борганда ҳам муваффақиятларини кўриб, анча хурсанд бўлгандим. Ота-оналарини юбормаган давлати қолмабди.

Акаларини ҳам “одам” қилиб, ўзи ишга олибди. Қўйингки, бир оилани қашшоқликдан чиқариб, ўзига тўқ оилалардан қилган. Ҳаттоки, бировларнинг контрактларигача тўлаб берган баракали йигит бўлибди. Анча сухбатлашдик!

У йигит билан суҳбатимиз тугаб, болалигим эсимга тушди. 5 ёки 6-синфлар эдим. Маҳалламиздаги масжиднинг ёнида қўй боқардим. Масжидга келадиган чоллар мени яхши кўришарди. Улар билан кўп суҳбат қилардим.

Кунлардан бир кун қўй боқиб турсам, ўша масжидда орттирган бобо жўрам, Мардон бува, чорпояда кампири билан овқатланиб ўтиришибди. Мени кўриб, "Кел, манави узумдан ол!" деб чақириб олишди.

Мардон бува мен билан гаплашишни ёқтирар эди. Гаплашиб ўтирсак, Мардон бувани яқинда турмушга чиққан қизи кириб келди ва чорпоянинг бир четига йиғламсираб ўтирди. Мардон бувани кампири "Чол, қизингиз қорнидаги боласини олдирмоқчи экан. Эри иккита боламиз бор, ўзи зўрға кун кўраётган бўлсак, учинчиси керакмас деябди экан" деди.

Бу гапни эшитган Мардон буванинг кўзларида ғазаб тўлди. Кампир билан қиз уёқда турсин, мен ҳам қўрқиб кетдим. "Хўш, эринг шунақа деябди экан. Сенчи?" деди қизига қараб! Қизнинг ўрнига кампир жавоб берди. "Қизингиз ҳам, иккита болани катта қилгунча қийналибди. Қизингиз ҳам рози экан" деди. Мардон бува бу гапни эшитиб, боягиданда важоҳатли кўриниб кетди ва "Афсус, афсус" деди. Кейин, қиз: "Нимага афсус деябсиз, дада?" деди. "Бундан 28 йил олдин, онанг сенга ҳомиладорлик пайтида сени ҳам олдириб ташламаган эканмиз. Афсус!" деди. Шу ерда суҳбат тугади. Ҳамма ҳар тарафга кетди.

Бояги гап ўша қизга ҳам, куёвга ҳам қаттиқ таъсир қилган шекилли, ўша фарзандни дунёга келтиришди. Ўша йигит, мен билан бугун телефонда гаплашган саховатпеша бойвачча йигит!

Шундай, азизлар, эртага нима бўлишини, қандай бўлишини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Қаердан биласиз бугун сиз ҳар хил сабабларни рўкач қилиб, олдириб ташламоқчи бўлаётган болангиз, сизни халоскорингиз бўлар, сизга тож кийдирадиганлардан бўлар!

Баҳодир Искандаров,
Токио, Япония.