86 ёшли отахон велосипед билан фестивалда иштирок этди
Қудрат бобо Эшназаров Нарпай туманининг Дедан маҳалласида яшайди. У 80 ёшдан ошган бўлса-да куч ва ғайрати ёшларникидан кам эмас.
Самарқанд шаҳрида “Янги нафас” шиори остида бўлиб ўтган марафонда фаол иштирок этган отахон бугун ёшлар фестивали ўтаётган ҳудудга велосипедда келиб, тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортди.
- Велосипедда ҳаракатланиш соғлик учун кони фойда, - дейди отахон. – Эсимни таниганимдан бери велосипед менинг ҳамроҳим. Ўтган йили Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари бўйлаб 12 кун давомида велосипедда саёҳат қилдим. Туманда, вилоят марказида ўтказиладиган марафонларда иштирок этиб тураман. Яқинда менга ҳокимлик томонидан янги велосипед совға қилинди. Шу велосипед билан бугунги фестивалда иштирок этяпман.
Отахон фестивал доирасида ўтказилган “Уч авлод учрашуви”да ёшларга ҳаётий тажрибалари ҳақида гапириб берди.