Байден Ал-Қоиданинг Афғонистондаги етакчиси йўқ қилинганини эълон қилди
АҚШ президенти Жо Байден Афғонистонда аксилтеррор операцияси ўтказилиши чоғида “Ал-Қоида” етакчиси Айман аз-Завоҳирий ўлдирилганини маълум қилди.
"Адолат қарор топди ва бу террорчи етакчи йўқ қилинди. Завоҳирийлар оила аъзолари жабрланмаган ва тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқ", - дея тасдиқлади АҚШ президенти.
У, шунингдек, АҚШ Афғонистоннинг яна террорчилар бошпанасига айланишига йўл қўймаслигини таъкидлади.
АҚШ маъмури исмини ошкор қилмаслик шарти билан журналистларга маълум қилишича, Завоҳирий 30 июль куни кечқурун Кобулдаги уйда ўлдирилган ва унга иккита Hellfire ракетаси отилган.
Вашингтон Толибон расмийларини ракета ҳужуми ҳақида олдиндан огоҳлантирмаган, деган Оқ уй вакили.
Завоҳирий Ал-Қоида етакчиси Усама бин Ладеннинг шахсий шифокори сифатида ишлаган. 2011 йилда АҚШ бин Ладенни йўқ қилганидан сўнг, у “Ал-Қоида”ни бошқарган.
АҚШ Давлат департаменти аввалроқ Завоҳирийни қўлга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 25 миллион долларгача мукофот ваъда қилган эди.