“Бир ўқ билан икки қуённи" ураётган тадбиркор
Нурободлик Саидумар Содиқов коллежни тугатиб, мутахассислиги бўйича иш тополмагач, умумий овқатланиш шохобчаларида оддий ишчи, хўрандаларга хизмат кўрсатувчи бўлиб ишлай бошлади. Кунлар ўтаверди, йиллар ўтаверди. Бу ишдан йигит кишининг косаси оқармаслигини ҳис қилди. Аммо...
Самарқанд шаҳридаги транспорт ва коммунал хизматлар кўрсатиш коллежини тамомлаб, туманга қайтиб келиб, 10 йил гиргиттон (офицант) бўлиб ишладим, - дейди у. – Бирим икки бўлмади, куним ўтарди, холос. Аммо кетган шунча вақтимга афсусланмайман. Сабаби, яхши-ёмон одамлар орасида юриб, оқ-қорани фарқлашни билдим, кўзим очилди. Мен ишлаган ўша ошхона раҳбаридан озми-кўпми, тадбиркорлик сирларини ҳам ўргандим.
Кейинги пайтларда мамлакатимизда эҳтиёжманд оилалар шароитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлганларга кўмаклашиш борасида яратилаётган имкониятлардан Саидумар ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қилди.
- Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналишига ҳам қизиқишим бор, - дейди С.Содиқов. – Шунинг учун ҳам тадбиркорликни бошлаш учун осонроқ, яъни автоювиш шохобчаси очиш йўлини танладим. Бунда менга маҳалла фаоллари, асосан, ёшлар етакчиси Ойбек Абдуғаниев яқиндан ёрдам берди, йўл-йўриқ кўрсатди. Ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан 33 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлигимни бошлаган бўлсам, бир йил давомида яхшигина даромад қилдим. Олинган кредит маблағини муддатидан олдин қайтариш имкони борлигига амин бўлдим.
Бу ёш тадбиркор беш нафар ишсиз тенгдошининг ҳам бандлигини таъминлади. Саидумарнинг уддабуронлигини кўрган маҳалла фаоллари унга фаолиятини кенгайтириш янада кўпроқ имкониятлар яратиши мумкинлигини айтишди.
- Ошхона тизимида ишлаб, орттирган 10 йиллик тажрибамни ишга солган ҳолда “автомойка” ёнидан музқаймоқ павилонини ташкил қилдим, - дейди у. - Уни умумий овқатланиш шохобчасига айлантирдим. Албатта, бунинг учун кўпроқ маблағ керак эди. Банкдаги кредит тарихим яхшилиги учун менга яна 100 миллион сўм маблағ ажратилди. Ҳар бир автомобилни ювишга камида ярим саот вақт кетади. Уларнинг эгалари, яъни ҳайдовчилар кутиш давомида ошхонамизда ўтиради. Истаса, яхна ичимликлар, истаса, овқатларимиздан истеъмол қилади. Хуллас, “бир ўқ билан икки қуённи” уряпман.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (видео).