"Бизда свет нега ўчди?"
Бундай кинояларга электрчилар энди бошқача қарашяпти.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали томонидан Нарпай тумани электр тармоқлари бўлимида журналист ва бологерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Бугунги кунда туманда 44 725 нафар истеъмолчи бўлиб, уларнинг қарийб 43 мингтаси аҳоли, 1900 га яқини юридик ташкилотлардир. Улардан 40 мингдан ортиғига АСКУЭ электр ҳисоблагичлар ўрнатилган.
- Ўтган йили куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида 111 дона трансформатор пунктини таъмирлаш ва 219,8 км узатиш тармоқлари тортиш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 55 дона трансформатор, 102,7 километр узатиш тармоқлари бажарилган, - дейди туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Валижон Қиличев. – Яна қўшимча 2 дона трансформатор пункти ва 4,5 км узатиш тармоғи таъмирлаш кўзда тутилган.
Туманда турли қарор ва дастурлар асосида Умид, Дўстлик ва Исломобод маҳаллаларида 3 та 100 кВАлик трансформатор, 125 дона темир-бетон устунлар ўрнатилиб, 8 километрга яқин тармоқ тортилди. Шунингдек, қўшимча 265 дона темир-бетон устунлар 8 та трансформатор пункти ва 9,1 километр 0,4-6-10 кВАли ҳаво тармоғи тортиб берилган. Бешта маҳаллага қўлбола устунлар ўрнига 73 дона темир-бетон устунлар қўйилиб, 14,75 километр ҳаво тармоғидаги симлар ёпиқ кабелларга янгиланди. Аҳоли томонидан ҳашар йўли билан 14 та маҳаллада 24 та трансформатор ўрнатилиб, 41 та устун ва 2,8 километр тармоқ тортилди.
Пресс-тур иштирокчилари Манғит ва Ўзбеккенти маҳалласида бўлиб, корхона томонидан олиб борилаётган ишлар билан танишдилар.
- Янги иморат қуриб, яшаётганимизга қарийб 20 йилча бўлиб қолди, - дейди Манғит маҳалласи Илонли қишлоғида яшовчи Ғ.Ҳасанов. - Ҳар йили қиш мавсуми бошланиб сал шамол турди дегунича “свет” ўчиб қолади. Дардимизни кимга айтишни билмай яшадик. Айтган билан, барибир фойдаси бўлмас эди. Ниҳоят, қишлоғимиз аҳли билан ўртага пул йиғиб, янги 100 кВАлик трансформатор сотиб олдик. Туман электр тармоғи корхонаси мутахассислари келиб, ҳужжатларини расмийлаштириб, лойиҳалаштириб беришди. Энди кўнглимиз тинчиди.
Мазкур маҳаллада яна 250 кВАлик трансформатор пункти қурилиб, ҳар бир хонадонга 22 километрдан зиёд "СИП-4" кабелларидан электр тармоқлари ҳам тортиб берилди. Ўзбеккенти маҳалласидаги Оҳакчи қишлоғида ҳам янги трансформатор ўрнатилиб, эскириб кетган устунлар 30 та темир-бетон устунларга алмаштирилди. Уч километрдан зиёд масофага ёпиқ кабеллар тортиб берилди.
- Корхона диспетчерлик хизматида кунига 3-4 тадан, ёғингарчилик кунлари 8-10 тагача аҳоли мурожаатларини қабул қиламиз, - дейди корхона бош муҳандиси Шерзод Ўринов. – Яна бир гапни айтишим зарур. Кейинги йилларда аҳолининг ҳушёрлиги ҳам ошиб бормоқда. Бирор жойда электр симлари узилса ёки трансформатор ишдан чиқса, дарров ижтимоий тармоқларга фото ва видео материаллари қўйишади. Илгари нега бундай қилди, деб улардан хафа бўлардик. Ҳозир эса бу хабардан фойдаланяпмиз.
Туман электр тармоқлари корхонасида аварияларни бартараф қилиш учун битта тезкор бригада ва 4 та устачилик бўлимларининг кеча-кундуз навбатчилиги ташкил этилган.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.