БМТнинг махсус маърузачиси Самарқанд вилояти судлари раислари билан мулоқот ўтказди

Самарқандда меҳмон бўлиб турган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллигига оид масалалар бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Тойлоқ тумани судига ташриф буюрди.

У ерда юқори мартабали меҳмонга мамлакатимизда судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ундан фойдаланиш имкониятини оширишга қаратилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари тўғрисида маълумот берилди.

Махсус маърузачи тумандаги барча судлар жойлашган мазкур янги бинода яратилган замонавий ахборот тизимлари имкониятлари, аҳолига кўрсатилаётган интерактив хизматлар билан танишди. Масканда одил судловни кенг тарғиб қилишга имкон берувчи видеоконференцалоқа тизими фаолиятини эътироф этди.

Меҳмоннинг таъкидлашича, бу ерда жорий этилган электрон судлов ахборот тизимлари алоҳида жараёнларни автоматлаштирилган тарзда кузатиш имконини беради, судьялар мустақиллигини таъминланиш, ишларнинг тенг ва холисона тақсимланишига хизмат қилади.

Ташриф давомида Диего Гарсия-Саян вилоят ва туман судлари раислари билан учрашди ва қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олди.

Эслатиб ўтамиз, Тойлоқда судларнинг маъмурий биноси учун 6 638 миллион 468 минг сўм маблағ сарфланган. Уч қаватли маъмурий бинода суд ходимлари ва хизматчилар учун барча шароитлар яратилган. Шунингдек, 5 та суд заллари ва 3 та маҳбусларни вақтинчалик сақлаш изолятори қурилган.