Бугун Самарқандда Ислом цивилизацияси марказининг Халқаро кенгаши тузилиши кутилмоқда
Аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг «Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси» мавзусидаги VIII Халқаро конгресси бўлиб ўтяпти.
Саккизинчи конгресс бевосита Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Кинематография агентлиги, ТУРКСОЙ сингари маҳаллий ҳамда хорижий ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил қилинди.
Бу галги халқаро тадбирда дунёнинг 35 давлатидан 300 га яқин олим ва экспертлар иштирок этяпти. Конгресс давомида форум, еттита шуъба йиғилиши, ўнлаб давра суҳбатлари, тақдимотлар, илмий мулоқотлар ташкил қилиниб, 300 дан ортиқ қизиқарли маърузалар тингланди. Айни пайтда Конгресс дастури кун тартиби бўйича “Ўзбекистон маданий мероси”, “Ўзбекистон Қуръонлари” туркумидаги Бутунжаҳон жамиятининг асосий лойиҳалари ва қўлёзмаларининг факсимиль тақдимотлари бўлиб ўтмоқда.
Конгреснинг сўнгги куни, яъни бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг янгиланган концепцияси, кейинги йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”, Конгресснинг резолюцияси қабул қилиниши, Ислом цивилизацияси марказининг Халқаро кенгаши тузилиши ҳақидаги қарор ва унинг таркиби тасдиқланиши, шунингдек, “Олтин китоб” халқаро мукофотини топшириш маросими ўтказилиши белгиланган.
Бахтиёр МУСТАНОВ