Бугун таниқли шоира Хосият Бобомуродова туғилган кун

Хосият Бобомуродова 1950 йилда Хатирчи туманида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Шуҳрат” медали, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби. Тошкент давлат педагогика университетининг математика факультетини тамомлаган. Кўп йиллар Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимида масъул котиблик қилган.
Шоиранинг “Самарқандга мактублар”, “Қалб титроғи”, “Ватан ягонадир”, “Жонимнинг эгаси”, “Бормисан, ўзбек” ва яна бир қатор шеърий тўпламлари нашр этилган.

***

Менинг толеимга Самарқандда яшаш бахтини берган Аллоҳга шукрлар бўлсин! Ер юзининг исталган нуқтасида “Мен Самарқандликман!” деб мағрур айтишга ҳаққим бор!

***

Аллоҳим, шукурлар бўлсинки, СЎЗ деган даргоҳинг бор. Шукрлар бўлсинки, қалбимга бу даргоҳ дийдори насиб этмиш. Бу даргоҳдан терган инжуларим бирла қалбимни таъриф этдим. Онамга, отамга меҳримни изҳор қилмоқ саодатига мушарраф бўлдим. Мен Ватанни мадҳ этсам, қўшилиб ҳамма севди. Мен рақибни фош қилсам, ҳамма уни ёмон кўрди.
Мен ёр севсам, ундан бошқа ҳамма ишонди. Дили ишқдан яралар қўшилиб йиғлади. Болаларим вужудига меҳримга қўшилиб, ризқига қўшилиб, сўзларим ҳам инди. Сўзларим аллага айланган чоғда бутун дунё ором олди.
Шундай сўзларни топдимки, кулдирдим, йиғлатдим, оҳлар урдирдим, тавба қилдирдим, ишонтирдим, овутдим...
Тангрим, мени сўз излаш азобига муяссар этганинг учун шукур. Сўзларни енганим сари меникига айланди. Енголмаган сўзларга асир бўлдим. Ғолиблик ва мағлублик аро яшайман то сўнгги дамгача...
Юракни ишққа топширмоқ – шоирнинг қисмати. Энди азобларга тайёр тур, кўнгил. Гоҳо ёлғиз юрагимизни гапимизга кўндиролмай азоб чекамиз. Миллионлаб юракларга умид бермоқ, уларни бошламоқ, нақадар азоблигини тасаввур қила оласизми?!
***
Аллоҳ қалбимизга сўзга асир бўлмоқни раво кўрди. Ва, барча юракларни сўз билан асир этмоқни буюрди.
***
Умрим сўзлар орасида ўтди. Бу жангдан ютиб чиққанларим қайси сўзлар экан, билмадим, билганлар айтар...
***
Яхшини яхши деб ҳамиша айтиш мумкин. Ёмонни ёмон деб айтиш учун ёмонга айланишинг керак.
***
Агар кунлар дўст бўлса, орамизга суқулиб кирмасди. Кунба кун сендан мени узоқлаштирмасди.
***
Менга сени топиб берган ўша йўлларда яна адашсайдим... Ўша адашиш учун дунёга яна қайтиб келса бўлади.
***
Сангзордаги харсангга “жоним”, деб ёзилган. Дилига ишқ туташса, тош ҳам жоним деб айтаркан-а?!
***
Ўзингни, ғурурингни, қадрингни йўқотишга розимисан, ўт, ўтақол ишқнинг остонасидан.
***
Яна қачонгача чидайсан, чидам?!
***
Менинг юким енгилдир, энг оғири кўнгилдир.
***
Менинг йиғлаганим уларга ёқмас, уларнинг кулгани менга ёқмайди.
***
Энг ёмони ёнингдаги душманингга сен ёмонсан, деб айтолмаслик.
***
Қалбингни бировга бериш - ихтиёрий қулликка рози бўлишдир.
***
Шунча бахтиёрликдан сўнг, қандай йиғлайин.

***
Менда жон қолдими, ҳолингни кўриб,
Қўшилиб инграйди мингбир жон толам,
Ёшини яшаган мен онанг туриб,
Сенинг жонинг нега оғрийди, болам?

Мен бахтни кутгандай кутганман сени,
Тўлғоқларни енгиб тутганман сени,
Қил кўприкдан олиб ўтганман сени,
Сенинг жонинг нега оғрийди, болам?

Кетдим сен томон, гирёна бўлганча,
Зор-зор йиғларман, парвона бўлганча,
Тош бўлсам бўлмасми, она бўлганча,
Сенинг жонинг нега оғрийди, болам?

Ниҳолларим омон ўссин-да, эркам,
Офатлар йўлини тўссин-да, эркам,
Тоғ бўлиб, тўфонни кессин-да, эркам,
Сенинг жонинг нега оғрийди, болам?

Оғриқлар жисмингдан ёмон ўтади,
Мени босиб, сўнг сен томон ўтади,
Битса ҳамки, мендан ҳамон ўтади,
Сенинг жонинг нега оғрийди, болам?

Оғриса, итларнинг боши оғрисин,
Манманларнинг кибр тоши оғрисин,
Ҳасаднинг кўзию қоши оғрисин,
Сенинг жонинг нега оғрийди, болам?

Боряпман уйингга, кулиб чиқ, бир бор,
Касалнинг бошига илиб чиққин дор,
Ортингда тоғинг бор: мен бор, отанг бор,
Сенинг жонинг нега оғрийди, болам?

Хосият БОБОМУРОДОВА.