Бугундан олий таълим муассасалари тасарруфидаги академик лицейларга қабул бошланади

Жорий йил 20 июндан ОТМлар тасарруфидаги академик лицейларда 2019-2020 ўқув йили учун ўқувчилардан ҳужжатларини қабул қилиш бошланади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирли маълум қилди.

Академик лицейларда аниқ, табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар ва хорижий тиллар йўналишларида чуқурлаштирилган таълим берилади.

Академик лицейларда ташкил этилган Маслаҳат кенгашларига ўқувчилар, уларнинг ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар қуйидагиларни тақдим этади:

- таълим йўналиши, ўқув тили, шакли кўрсатилган ариза (чет тилидан саралаш имтиҳони топшириш белгиланган йўналишларда аризада қайси чет тилидан саралаш имтиҳони топшириш ҳамда саралаш имтиҳонни ўтказиш қоидалари билан танишганлиги кўрсатилади);

- шахсни тасдиқловчи ҳужжат (туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки паспорт) нусхаси;

- 3,5х4,5 см ўлчамдаги 6 та рангли фотосурат.

Танловдан ташқари ўқишга имтиёзли кириш ҳуқуқига эга бўлган халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар, мусобақалар ғолиблари асл нусхадаги диплом, сертификат, гувоҳнома ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжатларни топширадилар.

Ҳужжатларни қабул қилиш 30 июнга қадар давом этади.

Қўшимча маълумот учун: (71) 246-10-74