Бугунги кун ўқитувчиси “Бизнинг давримизда...” деган гапдан қутулиши лозим, янги авлодга замонавий таълим-тарбия керак

Буюк маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Инсон тафаккурининг қуввати ва кенглиги аввало муаллим тарбиясига боғлиқ”, деган сўзлари кўпчиликка таниш. 

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бугунги давр педагогларининг дунёқарашини юксал бўлиши муҳим. Халқ таълими тизимидаги педагогларнинг камчилиги – ўқувчи-ёшлар билан муносабатидадир. Педагог-ўқитувчи дарс машғулотида ўзи таълим олган давр муҳитидан келиб чиққан ҳолда бугунги давр ўқувчилари билан мулоқот қиладиган бўлса, таълим-тарбия жараёнига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Педагог-ўқитувчи – “бизнинг давримизда ўқитувчилар қаттиқ олишарди”, “бизларга ўқитувчилар қаттиқ танбеҳ беришарди” ёки “бизларни, ҳатто ўқитувчилар кескин урушишарди, ота-оналаримизга етказиб бормас эдик”, – деган тушунчалардан бутунлай воз кечиши лозим. Чунки, хоҳлаймизми йўқми, бугунги замон ўқувчиси билан ўтган замон ўқувчиси даври бутунлай бошқа-бошқа давр ҳисобланади.

Бугунги ёш ота-оналар фарзандларининг боғча ёшидан бошлаб хорижий тилларни ўрганишига, мактабда қўшимча дарслар, қўшимча машғулотлар, тўгаракларга қатнашишига алоҳида эътибор қаратишмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда педагог-ўқитувчилар ҳар бир ўқувчи-ёшга таълим-тарбия бериш жараёнида алоҳида креатив ёндашиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бугунги ёш авлод замонавий технологиялар асрида яшаётган авлод ҳисобланади. Ҳар бир ўқувчининг ўз уйида замонавий технологик воситалар етарли. Бугунги кунда ҳар бир оилада телевизор, компьютер, телефонлар, интернет хизмати, музлатгич, совутгич ва ҳоказолар мавжуд. Лекин ўқувчи ўз уйидан чиқиб мактаб синф хонасига борганда бу нарсалардан узоқлашиб қолади. Мактабда ўқувчи стол-стуллар, доскадан иборат декорацияланмаган синф хонасига кириб келади. Натижада ўқувчида ҳеч қандай шароитга эга бўлмаган аудиторияга нисбатан “ҳурмат” ҳисси йўқолади. Деярли бўш аудиториянинг “эгаси”, яъни ўқитувчи ёки синф раҳбари ўқувчининг наздида “эътибор”га сазовор эмас.

Масалан, Финляндия мактаблари мос равишда кенг мустақилликка эга. Фин таълими тизими услубчиси Покка Финляндия мактаб жамоасининг мустақиллигини қуйидагича таърифлайди: “Мактаблар миллий ва маҳаллий таълим ташкилотлари томонидан белгиланган тартиблар асосида бошқарилса-да, мактаб жамоаси таълим мақсадларига қандай эришишлари бўйича ўзлари қарор қабул қилишади”. Мактаблар қонун билан белгиланган асосий тартиб ва қоидаларга амал қилган ҳолда ўзларининг бошқарув тизими ва қарашлари асосида ўқитиш ва ўрганишни ташкил этиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, кўп ҳолларда мактаб бюджетини тасарруф этиш, мактаб учун харидларни амалга ошириш ва кадрлар сиёсатини юритиш ҳам мактаблар зиммасидадир.

Финляндиядаги таълим кўпинча “болага йўналтирилган” ёки “ўқувчига йўналтирилган” деб қаралади. Аслида ҳам таълим мактаблар, ўқитувчилар ёки ота-оналар учун эмас, у – болалар ва ёшлар учундир. Финляндияликлар мамлакатдаги турли ўзгаришлар ёки ислоҳотларни “бу болалар ёки ёшлар учун фойдалими?”, деган нуқтаи назар билан баҳолайди. Покка таъкидлаганидек, “мактаб директорларининг ўз фаолиятидаги асосий мақсади, бошқарув ёки молиявий масалалардан олдин, мавжуд ҳолатда ўқувчилар учун энг яхши шароитларни таъминлашдир”.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида халқ таълими муассасаларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, моддий-техник ва ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш, нодавлат умумтаълим масканлари тармоғини янада ривожлантириш, “Замонавий мактаб” давлат дастурини тайёрлаш каби масалалар белгилаб қўйилган.

Шунингдек, давлат раҳбарининг “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда янги авлод педагогларини тайёрлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлади. Қарор ўта долзарб ва ўзаро узвий боғлиқ 3 та вазифа – замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқиш, юқори малакали профессионал кадрлар тайёрлашни янги босқичга кўтариш, педагогика соҳасида таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш масалаларини самарали ҳал этишни кўзда тутади.

Агар мамлакатимизда ҳам барча мактабларнинг синф хоналари ва аудиторияларини таълим сифатига мослаб декорациялашни амалга ошира олсак, бундан ташқари, ҳар бир синф хонасига замонавий технологик, турмуш учун зарур бўлган маиший буюмларни жойлаштирсак (смарт телевизор, компьютер, интернет хизмати, музлатгич, совутгич ва ҳоказолар) ўша синф хонаси ва аудиторияга нисбатан ўқувчида ҳурмат ҳисси пайдо бўлади. Бунинг ортидан ўқувчи-ёшларда синф хонаси ва аудитория “эгаси” – ўқитувчи ҳамда синф раҳбарига нисбатан ҳам ҳурмат-эътибор ҳисси ошиши турган гап.

Таълим тизимида мураккаб технологик омилларга катта эътибор қаратамиз-у, лекин оддий турмуш тарзи учун зарур бўлган, ҳар бир ўқувчи-ёшнинг ҳар бир куни ва вақти учун керакли бўлган техник ва маиший буюмларнинг аудиторияларда йўқлигига эътибор қарата олмаймиз.

Масалан, оилада ота-она фарзандига эртадан-кечгача бир неча юмушларни бажаришни буюради: ювиниш, кийиниш, овқатланиш, дарс тайёрлаш ва ҳоказолар. Фарзандлар ота-онаси буюрган бу юмушларни сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилишади. Нима учун? Чунки, ювиниш жойида шароит бор: ювиниш воситалари, иссиқ-совуқ сув ва ҳоказолар. Дарс қилиши учун ҳам шароит бор: компьютер, интернет, ноутбук, телефон ва ҳоказолар. Шунинг учун ҳам мактаб ёшидаги ёш йигит-қизларнинг барча шароитлар “соҳиби” – ота-оналар буюрган топшириқларни бажариш учун сидқидилдан ҳаракат қилиши табиий ҳолдир.

Тасаввур қилинг, худди шундай шароитларни мактаб ҳудуди ва синф хоналарида ҳам таъминлаб бера олсак нур устига аъло нур бўлар эди. Бугунги кун ёшлари кечаги кун ёшлари эмас. Бугунги кун ёшлари дунёда қандай ўзгаришлар, янгиликлар, воқеа-ҳодисалар бўлаётганлигидан тезда хабардор бўлаётган ёшлардир.

Шунинг учун ҳам мамлакатимиз тараққиёти учун “келажакка қўйилган капитал” асосида таълим-тарбия тизимида мана шундай жиҳатларга алоҳида эътибор қаратишимиз мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Собир ҚЎЧҚОРОВ, Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти тарих фани ўқитувчиси.