Булунғурдаги Амир Темурнинг мудофаа қалъаси қайта тикланадими?

Булунғур туманида 19 та археологик, 6 та архитектура маданий мерос объекти рўйхатга олинган бўлиб, сайёҳлар диққатини тортадиган жойлар туризм масканига айлантирилмоқда. Жумладан, Эрганакли маҳалласидаги Хўжа Ҳофиз Меросий зиёратгоҳи ҳамда Шероз қалъа ёдгорлигида амалий ишлар бошланган.
Бу ҳақда туман ҳокимлиги томонидан ҳудуддаги диққатга сазовор жойларга уюштирилган пресс-тур давомида батафсил маълумот берилди.
Туман ҳокимининг ўринбосари Азизбек Бўрибоевнинг таъкидлашича, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 29 ноябрдаги “Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, тумандаги "Эрганакли" маҳалла фуқаролар йиғинига “туризм қишлоғи” мақомини бериш белгиланган. Бугунги кунга қадар Хўжа Ҳофиз Меросий зиёратгоҳига олиб борувчи 5,5 километр йўл тўлиқ асфальтланиб, 6,5 километр ичимлик суви ва 5,5 километр электр тармоқлари тортилган.
Хўжа Ҳофиз Меросий мақбараси Қуръони Каримни етти қироатда ўқиган аллома номи билан боғлиқ, - дейди Хўжа Ҳофиз Меросий зиёратгоҳи ва Шероз қалъа ёдгорлиги раҳбари Нарзулла Қорабоев. - Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланаётган тарихий манбаларга кўра, Хўжа Ҳофиз Меросий 1475 йилда Булунғур тумани ҳудудидаги Болғали қишлоғида таваллуд топган. Мадрасаларда таҳсил олган ва Убайдуллахон хизматига кириб, бош муфтий даражасига кўтарилган. Аллома 1528 йилда Эроннинг Машҳад шаҳрида вафот этади. Васиятига кўра, ўлимидан 6 ойдан кейин Султон Убайдуллахон фармони билан жасади Булунғур туманига олиб келиб, кўмилган.
Хўжа Ҳофиз Меросий зиёратгоҳидан Болғали қишлоғидаги Шероз қалъа мажмуасига ўтилади. Амир Темур ҳарбий юришлари давомида Эронни қамал қилганда ушбу қалъани олишда қийналади. Шу сабаб Самарқандга киришда мустаҳкам қалъа бунёд этади ва уни Шероз деб номлайди. Қалъани 20 метр чуқурликдаги Булунғур ариғи ўраб туради. Ариқнинг эни 18-20 метр бўлиб, тик ҳолатда ҳеч бир душманнинг қалъага ўтишига имконият бермайди. Қалъа атрофида 9 та булоқ бўлиб, 3 таси сақлаб қолинган. Булунғур ариғидан икки томонга ўтиш учун жуда мустаҳкам кўприк қурилган. Кўприкнинг эни тахминан 12 метр бўлиб, бу ердан “Буюк ипак йўли” ўтган.
- Туман ҳокимининг қарори билан Шероз қалъани қайта тиклаш учун 4 гектар майдон ажратилган бўлиб, ҳозирда изланишлар олиб борилмоқда, - дейди Н.Қорабоев. - Қалъа жуда мукаммал қурилган бўлиб, бу ерда Амир Темурнинг қароргоҳи, ҳарбий аскарлар учун ошхона ва кўплаб хоналар бўлган. Агар қалъа қамалда қоладиган бўлса, Булунғур ариғидан сув олиш учун яширин йўлдан фойдаланилган. Шероз қалъа тарихини тўлиқ ўрганиш, қазиш ишларини олиб бориш, топилган ноёб топилмаларни реставрация қилиш, енгил конструкциялар билан ёпиш, муҳофаза қилиш, бу жойда қурилиш инфратузилмасини яратиш мақсадида лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган.
Шу кунгача Шероз қалъага олиб бориладиган 13 километр йўлга асфальт ётқизилди, 2,5 километр ичимлик суви, 3,5 километр электр энергияси тармоқлари тортилиб, 29 дона ёритиш чироқлари ўрнатилди. Археологик қазишма вақтида темурийлар даврига хос ноёб ёдгорликлар топилган ернинг том қисми ёпилди. Қалъа ҳудудида битта автотураргоҳ, 1,5 километр саломатлик йўлакчалари ҳамда Булунғур ариғи устига кўприк қурилди.
Таъкидланишича, жорий йил Маданий мерос агентлиги томонидан Хўжа Ҳофиз Меросий мақбараси ҳамда Шероз қалъа мажмуасида қурилиш-таъмирлаш ва тадқиқот ишларини олиб бориш мақсадида 14 миллиард сўм маблағ ажратилган ва яқинда амалий ишлар бошланиши режалаштирилган.
Фазлиддин Рўзибоев.