Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Чиқинди қутисини ким ўрнатиши керак?

Оддий, аммо баҳсли савол. Тўғри-да, битта кўчада жойлашган 2-3 та савдо дўкони олдига чиқинди қутиларини ким ўрнатади? Дўкондорлардан қути қўйишларини сўрасангиз, буни чиқинди ташувчи корхона қўйиши керак, дейди. Чиқинди чиқарувчилар эса “Бу ерга дўкон эгалари кўчма қути қўяди”, деган жавобни айтишади.

Аслида, чиқинди қутилари ким томонидан ва қаерларда ўрнатилиши керак? 

Бу саволга Самарқанд шаҳридаги “Мароқанд обод” ДУК ҳуқуқшуноси Зафар Қаршиев жавоб берди.

- Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш қоидалари”га кўра, чиқинди қутиларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш ҳудудларни тозалаш учун масъул бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан мажбурий тартибда бажарилади. Савдо дўконларидан 10 метрдан узоқ бўлмаган масофада кўчма чиқинди қутилари дўкон эгалари томонидан қўйилиши зарур. 

Кўп қаватли уйларда, ташкилотларда 1 тадан, ер ости ўтиш жойларига 2 тадан, маданият ва истироҳат боғларида ҳар 800 метр квадрат майдонда 1 тадан, йўлакларга 40 метрдан узоқ бўлмаган масофада 1 тадан ўрнатилиши кўзда тутилган. Шунингдек, бозор, бекат, автотураргоҳ ва машиналарни вақтинча сақлаш майдончаларида 1-2 тадан чиқинди қутилари ўрнатилиши лозим. Даволаш муассасаларида, майдонлар, йўлаклар ҳамда магистрал кўчаларнинг пиёдалар ҳудуди бўйлаб, шунингдек, кўприкларда, пиёдалар серқатнов бўлган ҳудудда 50 метрдан, одам кам жойларда эса ҳар 100 метрдан ошмаган масофада 1 тадан қути қўйиш мақсадга мувофиқ.

Мазкур ҳудудлардаги чиқинди қутилари маҳаллий ҳокимликлар билан тузилган ўзаро келишувларга мувофиқ, “Мароқанд обод” ДУК томонидан ўрнатилади.