“Чўлпон” номидаги стипендия таъсис этилди

Ички ишлар вазирлиги Академиясида “Чўлпон” номидаги стипендия таъсис этилди.

У фанларни аъло баҳоларга ўзлаштираётган, ўзининг фаоллиги, ташаббуси, интизоми ва шахсий фазилатлари билан жамоада намуна кўрсатаётган курсантларга берилади.

ИИВ Академияси матбуот хизмати хабарига кўра, Чўлпон стипендияси танлови икки босқичда, яъни тест синови ва суҳбат тарзида ўтказилади. Биринчи босқичда номзодлар ўзбек адабиётининг атоқли намояндалари, хусусан, Абдулҳамид Чўлпоннинг ҳаёти ва ижоди ҳақида билимларини синовдан ўтказадилар. Курсантларнинг нафақат бадиий адабиётга оид, балки касбий кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида уларга ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича тест саволлари ҳам берилади. Тест синовлари якунига кўра, ҳар бир ўқув курсидан энг юқори балл тўплаган ўн нафар номзод кейинги босқичга йўл олади. Иккинчи босқичда махсус ишчи комиссия номзодлар билимини уларнинг саволларга берган жавоблари асосида баҳолайди. Бунда талабгорларнинг ўқиши, ҳулқи, ахлоқ-одоби, жамоат ишларидаги иштироки, топширган тест синовлари ҳамда суҳбат натижалари умумлаштирилади ҳамда ҳар бир курсдан энг юқори баллга эга бўлган бир нафардан ғолиб аниқланади.

Чўлпон стипендияси танлови ҳар йилнинг август ойида ўтказилади. Ғолиблар 1 сентябрь – Мустақиллик байрами арафасида ИИВ Академияси раҳбарияти томонидан тантанали равишда тақдирланади ва уларга янги ўқув жараёнининг бошланиши билан бир йил давомида ушбу стипендия бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига тўлаб борилади. Чўлпон стипендиясига сазовор бўлганларнинг ота-онаси, таълим олган умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига Академия бошлиғи номидан миннатдорлик хатлари юборилади.