Cубсидияга ариза топширувчилар рўйхати кенгайди
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида янги хизмат ишга туширилди.
Энди қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган нодавлат таълим ташкилотлари ҳам бир марталик субсидия олиш учун онлайн ариза топширишлари мумкин.
Бунинг учун талабгорлар календарь йилнинг ҳар чораги биринчи ойининг 10-санасига қадар my.gov.uzдаги «Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига субсидия ажратиш» хизматини танлаб, ариза юборишлари лозим.
Бу турдаги субсидия қуйидаги мақсадларда ажратилади:
- бино ва ўқув хоналарини замонавий ахборот коммуникация технологиялари, мебель, асбоб-ускуналар, ўқитишнинг техник воситалари ва бошқа анжомлар билан жиҳозлашга;
- зарур дарсликлар, ўқув-методик адабиётлар ва бошқа кутубхона-ахборот ресурслари ҳамда воситалари билан таъминлаш, таълим жараёнини ташкил этишга жалб этиладиган педагог кадрлар меҳнатига ҳақ тўлашга.
Хизматдан фойдаланишда қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
- 2 йилга мўлжалланган бизнес-режа;
- маҳсулот етказиб бериш ёки ишларни, хизматларни бажариш тўғрисида тузилган хўжалик шартномалари;
- педагог кадрлар билан тузилган меҳнат шартномалари;
- педагог кадрларнинг хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи сертификатлари;
- таълим жараёнида фойдаланилаётган бино ёки ўқув хоналарининг ижара шартномаси (кўчмас мулк ижараси асосида фаолият юритаётган нодавлат таълим ташкилотлари учун).
Хизматдан фойдаланиш бепул.